Бўлгинчи Тоғли Қорабоғнинг Путинга яқин бўлган собиқ мулозими узоқ муддатга қамалди

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар, шунингдек террорчилик ва террорчиликни молиялаштиришга оид моддалар ҳамда бошқа оғир жиноятлар бўйича айбланаётган Арманистон фуқароси Рубен Варданянга нисбатан жиноят иши юзасидан очиқ суд мажлисида якуний суд қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

Баку Ҳарбий судида судья Зейнал Ағаев раислигида, судьялар Жамол Рамазонов ва Анор Ризаев таркибида (захира судья Гунел Самадова) ўтган суд мажлисида Варданян 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Маълум қилинишича, Рубен Варданян Озарбайжон Республикаси Жиноят кодексининг тажовузкор урушни режалаштириш ва олиб бориш, аҳолини депортация қилиш, таъқиб, ноқонуний озодликдан маҳрум этиш, қийноқ, ёлланма жангчилик, уруш қонун-қоидаларини бузиш, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бузиш, қасддан одам ўлдириш ва унга суиқасд, ноқонуний тадбиркорлик, террорчилик ва уни молиялаштириш, жиноий уюшма тузиш, қурол ва портловчи моддаларни ноқонуний муомалага киритиш, авиация хавфсизлигига таҳдид солиш, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш, қонунда назарда тутилмаган қуролли тузилмалар ташкил этиш ҳамда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш каби қатор моддалар билан айбланмоқда.

Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов Озарбайжон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган.

Маълумот учун, Россия ва Арманистон олигархи ва 2022 йил 4 ноябрдан 2023 йил 23 февралгача Жанубий Кавказда тан олинмаган давлат бўлган Тоғли Қорабоғнинг давлат вазири бўлиб ишлаган. Cиёсатчи Владимир Путинга яқин одам сифатида кўрилган.

Варданян 2023 йилда давлат вазири лавозимидан бўшатилгандан сўнг Тоғли Қорабоғда ўз ёрдамини ва ишини давом эттирди. Варданян Арманистон ва Арцах Республикасида иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан шуғулланиб, узоқ муддатли ривожланиш лойиҳаларига эътибор қаратган.

Сиёсий фаолиятидан олдин Варданян бизнесмен ва хайриячи бўлган. У Троика Диалог инвестиция банкининг собиқ бош директори ва акциядори ҳисобланади. 2021 йилда унинг соф бойлиги “Forbes” томонидан 1 миллиард долларга баҳоланган.

2023 йил сентябрь ойида Тоғли Қорабоққа Озарбайжон ҳужуми ва ундан кейин Тоғли Қорабоғ арманларининг қочиб кетиши ортидан Варданян Озарбайжон расмийлари томонидан Лочин йўлагида ҳибсга олинган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Баку ҳарбий суди тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг собиқ президенти Араик Арутюнянни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Путин Тоғли Қорабоғ собиқ мулозим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг