Бухорода журналист пичоқланди
3-саҳифа
−
13 Февраль
10615Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида жойлашган кафеда “Taftish.uz” ахборот агентлигининг маҳаллий мухбирига тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, воқеа жорий йил 6 февраль куни содир бўлган. Шофиркон туманида жойлашган кафеда мухбир Ўлмас Тўлаев ва унинг таниши А.А. ўртасида келишмовчилик юзага келган. Уларнинг орасида олдиндан низо бўлган. А.А. ошхона пичоғи билан Тўлаевнинг қорин қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон тумани прокуратураси томонидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 7 февраль куни унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жабрланувчи Ўлмас Тўлаев шифохонада даволанмоқда.
Бош прокуратура дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Тошкент шаҳрида репортаж тайёрлашга борган журналист ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз олиб кетилиб, бир неча соат давомида идорада ушлаб турилган ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланганди. Воқеадан хабар топган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош прокуратурага сўров хати юборди. Журналистнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилди. У билан боғлиқ ҳолатга алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланди.
LiveБарчаси