Журналистни жавобгарликка тортган ички ишлар ходимларига хизмат текшируви тайинланди
3-саҳифа
−
17 Январь
9272Аввалроқ, Тошкент шаҳрида репортаж тайёрлашга борган журналист ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз олиб кетилиб, бир неча соат давомида идорада ушлаб турилгани ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар қилгандик. Эндиликда журналист билан боғлиқ ҳолатга алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Михаил Довлатов билан боғлиқ ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳақидаги сўров хати ижро учун қабул қилинганини билдирган.
“Мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолияти ва журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан қўриқланиши ҳақида яна бир бор эслатиб ўтамиз”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, журналист Михаил Довлатов билан боғлиқ ҳолат 14 январь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлган. У 11-даҳада истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиши керак бўлган. Ўз навбатида, фуқаролар 150 га яқин гараж ҳамда 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қурилаётгани тўғрисида маълумот бериши режалаштирилган. Довлатов аҳоли билан соат 13:00 да воқеа жойида учрашишга келишган. Шунингдек, у ерда Учтепа тумани ҳокимлиги вакиллари, эколог ва бошқа экспертлар таклиф этилган.
Бироқ журналист автотураргоҳга киришдан 50 метр нарида бир гуруҳ эркакларга кўзи тушган.
“Уларнинг айримлари ҳуқуқ-тартибот органларининг формасида эди, шунингдек, Isuzu автозаки ҳам турарди. Улар ёнидан ўтар эканман, менга мурожаат қилишаётганини эшитиб қолдим, ўгирилганимда фуқаролик кийимидаги биттаси яна мени чақирди. Ёнига бориб, гап нимада эканини билмоқчи бўлдим. У эса бу ерда чекиш тақиқланишини айтди. Мен атрофда тамаки чекишни тақиқлайдиган бирор белги йўқлигини билдирдим. У бўлса, бу ер жамоат жойи ҳисобланиши ва бу ерда чекиш умуман мумкин эмаслигини таъкидлади…”, дейди журналист.
Шундан сўнг, ходимлар журналистни туманнинг 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борган ҳамда телефон ва техникаларини олиб қўйган. Идорада ундан нима учун митинг ташкиллаштирмоқчи экани сўралган. Довлатов бир неча соат ИИО ФМБда ушлаб турилгач, журналистга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, воқеадан хабар топган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош прокуратурага сўров хати юборганди. Кейинчалик Михаил Довлатовнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилди.
LiveБарчаси