Бухорода Ўрта Осиёдаги энг қадимий металл қуроллар топилди
Жамият
−
17 Январь
3585Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Пойкент масканидан милоддан аввалги I ва милодий I-IV асрларга оид қурол-аслаҳалар топилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳудудда амалга оширилган қазишма ишлари давомида Пойкентдан қадимий қурол-аслаҳалар, металл жиҳозлар, шунингдек, ибодатхона маросимларида қўлланилган қўнғироқлар ва исириқдонлар топилган. Бу буюмлар эрамиздан аввалги I аср ва эрамизнинг I асрига тегишли бўлиб, саклар ва массагетлар давридан қолган.
“Реставраторлар ушбу топилмаларни асл ҳолатига келтириш устида ишламоқда. Бу жараён ўта мураккаб ва катта билимни талаб қилади. Ушбу топилмалар Сўғд даври деворий суратларида ҳам учрайди. Археологик топилмалар сайёҳларнинг диққатини жалб қилиш билан бирга, юртимизнинг бой тарихи ҳақида чуқурроқ тасаввур беради”, дейилади хабарда.
Изланишлар натижасида, шунингдек, узунлиги 13,7 метр бўлган катта зал ёки ҳовли атрофида супалар топилган. III-IV асрларда у қўшни ибодатхонадан пастда жойлашган, шунинг учун унга шимол томондан 12 поғонали, кенглиги 3,4 метр зинапоя ва пандус тушган.
Маълумот учун, Пойкент шаҳри Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган бўлиб, уни ўрта аср тарихчилари “Савдогарлар шаҳри” ёки “Мис шаҳар” дея таърифлаган. Таъкидланишича, у Бухородан ҳам қадимийроқ.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида археологлар Ўзбекистоннинг жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга тегишли иккита шаҳар қолдиқларини топганди.