Совет мафкураси ҳимоячиларидан бири Раъно Абдуллаева 89 ёшида вафот этди

Жамият

image

Бир вақтлар Ўзбекистон ССР Компартияси Марказқўмининг мафкура масалалари бўйича котиби бўлган Раъно Абдуллаева 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

У 1935 йил 16 сентябрда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. 1970−1987 йилларда Абдуллаева Ўзбекистон ССРда энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган.

1963−1971 йилларда Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби, сўнгра Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, 1987 йилгача Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг мафкура бўйича котиби лавозимларида ишлаган.

Раъно Абдуллаева академик Ҳабиб Абдуллаевнинг фарзанди бўлган.

Раъно Абдуллаева номини қатор совет мафкурасига асосланган ташаббуслар билан боғлашади. Жумладан, 1987 йилда партия мажлисида Наврўз байрамини тақиқлаш масаласи кўрилиши ҳам Абдуллаевадан чиққани айтилади. Ўшанда Наврўзни бекор қилиб, унинг ўрнига 10 апрелни кўчат экадиган “Навбаҳор” деган байрамга айлантириш таклиф қилинган. Ҳаттоки шу номни дастаклаш учун Наманганнинг футбол жамоасига ҳам “Навбаҳор” номи берилган. Унинг номи 1987 йилгача “Автомобилист” бўлган.  Дарвоқе, 1990 йилда биринчи ҳаж мавсуми уюштирилганида Раъно Абдуллаева биринчи ҳожи оналардан бирига айланган.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ўзининг 2003 йилда ёзилган “Унутмайман, унутолмайман” мақоласида келтиришича, Раъно Абдуллаева Ўзбекистон компартиясининг мафкура тизимини бошқарган пайтлари ўзбек адибларини, энг аввало, Наврўзни ва она тили мақомини тиклашга киришган ёш шоирларга қарши кескин кураш бошлаган, уларнинг тўпламларини нашриётлар режасидан ўчиришга фармон берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бедана" қўшиғи билан танилган, “Тошкент” гуруҳининг хонандаси Бахтиёр Султонов 60 ёшида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро ССР Раъно Абдуллаева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг