Бухорода ўқувчиларни олиб кетаётган автобус иштирокидаги ЙТҲ юзасидан 2 та жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
19 Март
10396Аввалроқ, Бухорода мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус ҳамда юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва оқибатда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Ҳодиса юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дарҳол терговга киришилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди.
“Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейди Шамсутдинов.
Маълумот учун, мазкур ЙТҲ 18 март куни соат 10:30 лар атрофида Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи А-380б автомобиль йўлининг 32-километри ҳамда 4Р-69 автомобиль йўлининг 6-километри кесишган чорраҳада содир бўлган. 1991 йилда туғилган ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи М.М. бошқарувида бўлган юк автомобили тўқнашиб кетган.