Бухорода ўқувчилар ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчиси қамалди
3-саҳифа
−
09 Октябрь
7214Жорий йилнинг март ойида Бухорода мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус ҳамда юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва оқибатда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Сал ўтмай ҳодиса қурбонлари сони яна бир нафарга кўпайди. Эндиликда мазкур автобус ҳайдовчиси суд ҳукми билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан ва 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
“Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Мени кечиринглар”, деган судланувчи.
Маълумот учун, мазкур ЙТҲ жорий йилнинг 18 март куни соат 10:30 лар атрофида Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи А-380b автомобиль йўлининг 32-километри ҳамда 4R-69 автомобиль йўлининг 6-километри кесишган чорраҳада содир бўлган. 1991 йилда туғилган ҳайдовчи O.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи M.M. бошқарувида бўлган юк автомобили тўқнашиб кетган.
Ҳодиса юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дарҳол терговга киришилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси