Бухородаги ЙТҲ қурбонлари сони ортди
3-саҳифа
−
20 Март
13590Аввалроқ, Бухорода мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус ҳамда юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва оқибатда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Эндиликда ҳодиса қурбонлари сони яна бир нафарга кўпайди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Билдирилишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида шифохонага ётқизилган, автобусда бўлган йўловчилардан бири кўрсатилган муолажаларга қарамасдан кеча, 19 март куни вафот этган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати интернет ижтимоий тармоқларида тарқалаётган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобус ҳайдовчиси ҳам шифохонада вафот этгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини билдирган.
Таъкидланишича, автобус ҳайдовчиси тан жароҳати билан Бухоро шаҳар Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган бўлиб, айни кунларда унга тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Маълумот учун, мазкур ЙТҲ 18 март куни соат 10:30 лар атрофида Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи А-380б автомобиль йўлининг 32-километри ҳамда 4Р-69 автомобиль йўлининг 6-километри кесишган чорраҳада содир бўлган. 1991 йилда туғилган ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи М.М. бошқарувида бўлган юк автомобили тўқнашиб кетган.
Ҳодиса юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дарҳол терговга киришилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь