Бухорода ўқитувчиларни“Оpen budget” учун овоз йиғишга мажбурлаган директор жаримага тортилди
3-саҳифа
−
11 Сентябрь
2372Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ўқитувчиларни “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори 34 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Сенатнинг Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси хабар берди.
Маълум қилинишича, комиссия ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда “Ташаббусли бюджет” учун айрим соҳа вакилларининг овоз йиғиш ишларига жалб қилинганлиги ҳолатлари атрофлича ўрганилган.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари бўйича Ромитан туманидаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан мактаб ўқитувчиларини лавозим йўриқномасига кирмайдиган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига овоз йиғишга мажбуран жалб қилгани аниқланган.
Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан БҲМнинг 100 баравари — 34 миллий сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Маълумот учун, 22 август куни бошланган овоз бериш босқичи 31 август соат 23:59 га қадар – 10 кун давом этди. Бу вақт давомида овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан 39 та шикоят тушди. Унга кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп шикоят Фарғона вилоятида (7 та) тушган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 6 та, Наманган ва Жиззах вилоятларида 5 тадан шикоят тушган. Шикоятларнинг кўпчилиги умумтаълим мактаблари (19 та) ва тиббиёт ташкилотларида (16 та) кузатилган. Келиб тушган барча мурожаатлар кўриб чиқиш учун тегишли туман (шаҳар) Халқ депутатлари кенгашларига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Оpen budget”да ғолиб бўлган лойиҳалар рўйхати эълон қилинганди.