Бухорода тарихий-этнографик парк қурилади
Жамият
−
03 Февраль
7145Бухорода “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, паркни қуриш лойиҳаси тарихий меъморчилик анъаналарини давом эттириш, яшил боғлар ва сайилгоҳларни кўпайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
“Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, юқори сифатли сервис хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш, тарихий меъморчилик анъаналарини давом эттириш, яшил боғлар ва сайилгоҳларни кўпайтириш мақсадида кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади”, дейилади манбада.
Тарихий-этнографик парк ҳудудидан Бухоро анъанавий меъморчилиги дурдоналари ва замонавий шаҳарсозлик услублари уйғунлигини ўзида ифода этган объектлар, жумладан, этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар ошхонаси, анъанавий дренаж тизимлари – ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олиши режалаштирилмоқда.
Қўшимча қилинишича, мажмуа марказида мусиқали фаввора ва “яшил йўлак” ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар UNESCO Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.
Билдирилишича, янги бунёд этилажак парк ўтган асрнинг 20 йилларида Михаил Фрунзе бошчилигидаги “қизил армия” қўшинларининг ҳужуми оқибатида Бухоронинг кўплаб, тарихий обидалари вайрон қилинган маданий бойликларнинг намуналари саналган қадим дренаж тизимларини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Бухорода XVIII асрга оид тарихий обида топилган эди.