Бухорода Malibu ҳайдовчиси шаҳар ичида 201 км/соат тезликда юрди (видео)

Жамият

−

image

Бухоро шаҳрида Malibu-2 русумли автомобиль ҳайдовчиси тезлик соатига 60 километр этиб белгиланган ҳудудда 201 км/соат тезликда ҳаракатланди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи автомобилнинг давлат рақам белгиларини ўзбошимчалик билан ечиб, салонига қўйган. Шундан сўнг у шаҳар ички кўчаларида белгиланган тезликни 141 км/соатга ошириб, ҳаракатланган.

Автомобилда бўлган йўловчи ушбу ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ҳайдовчи ва автомобиль аниқланган.

Ҳайдовчи ўз тушунтиришида давлат рақам белгиларини дўсти билан келишган ҳолда ечиб, салонга қўйганини айтган.

“Жўрам билан келишган ҳолда давлат рақамларини ечиб, салонга қўйдик. Шаҳарда тезлик 60 км/соат этиб белгиланган жойда 201 км/соат тезликда ҳайдадик. Бошқа такрорланмайди, афсусдамиз. Бундай ишларни қилмасликни бошқаларга ҳам тавсия қиламан”, дейди ҳайдовчи.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 4-қисми — транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши, шунингдек, 125-моддаси 5-қисми — транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, жумладан, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситасини бошқариш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Эслатиб утамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида 5-синф ўқувчиси қўшнисига тегишли Spark автомобилини бошқаргани ҳақда хабар берилган эди.

Маржона Маманиёзова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг