Бухорода қарийб 9 млрд сўмлик табиий газни ўғирлаган иссиқхона аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
29 Ноябрь
1926Бухоро вилояти Когон туманида 8,85 млрд сўмлик табиий газни ўғирлаган иссиқхона аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 ноябрь куни Бухоро вилояти Когон туманида газ таъминоти комплаенс назорат тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ўтказган рейд жараёнида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Туманнинг “Туткунда” МФЙда жойлашган “Б.Б.” МЖЧга қарашли иссиқхонада газ ҳисоблагичидан ташқари ер ости қувури орқали аҳоли учун мўлжалланган газ қувурига яширинча уланиб, табиий газдан ўғринча фойдаланиб келгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, табиий газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинган ва 8,85 млрд сўмлик зарар келтирилгани аниқланган. Мазкур жараён бўйича тўпланган барча далилий ашё ва ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот органларига топширилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида тармоққа ноқонуний равишда уланиб, жами 2,1 млрд сўмлик табиий газни ўғирлаган метан “заправка” аниқланган эди.
LiveБарчаси