Бухорода “гашиш“ сотган уч киши 5 йилдан ортиқ муддатга қамалди
3-саҳифа
−
09:22 531 2 дақиқа
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида кўп миқдорда “гашиш“ гиёҳвандлик моддасини сотган уч нафар фуқаро 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари тезкор ходимлари томонидан махсус тадбир ўтказилган. Тадбир давомида гумонланувчилардан бири шартли харидордан пластик карта орқали 1 миллион сўм олган. Шундан сўнг у келишилган “гашиш“ моддасини ресторан олдидаги автотураргоҳда турган автомобиль тагига ташлаб кетган.
Жиноятнинг бошқа иштирокчилари ҳам худди шу усулдан фойдаланган. Улар гиёҳвандлик моддаси учун пулларни пластик картага қабул қилиб, моддаларни кўчадаги симёғоч остига яшириб кетган. Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар қўлга олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган ўткир ҳидли, ёпишқоқ ва мумсимон моддалар кўп миқдордаги “гашиш“ гиёҳвандлик моддаси экани тасдиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан айблов эълон қилиниб, уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди ишни кўриб чиқиб, уч нафар судланувчини гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишда айбдор деб топган. Суд ҳукмига кўра, уларга 5 йил 3 ойдан 5 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида қўшни республикадан контрабанда йўли билан 55 килограммдан ортиқ “гашиш“ ва “опий олиб ўтмоқчи бўлган трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганди.
Live
Барчаси