Бухоро шаҳрининг бош режаси тасдиқланди
Жамият
−
24 июл 2785 2 дақиқа
Бухоро шаҳрининг ҳудуди қарийб 3,9 минг гектарга кенгайтирилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг кеча, 23 июль куни қабул қилинган “Бухоро шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Унга кўра, аҳоли сони ва ҳудуди:
- аҳоли сони ўсиши – 289,19 минг кишидан ҳисоб даврида – 385,0 минг кишига;
- шаҳарнинг ҳудуди – 7 966,78 гектардан ҳисоб даврида – 11 847,06 гектарга ўзгаради.
Уй-жой қурилиши ва уй-жой фонди:
- уй-жой фонди умумий майдони – 4 456,31 минг кв метрдан ҳисоб даврида – 8 085,0 минг кв метрга;
- уй-жой майдони билан таъминланиш даражаси бир кишига – 15,4 кв метрдан ҳисоб даврида – 21,0 кв метрга;
- уй-жой фонди қисқариши ҳисоб даврида – 114,66 кв метрни ташкил қилади.
Аҳолининг ижтимоий соҳа объектларига бўлган талабини амалдаги меъёрларга мослаштириш мақсадида соҳа кўрсаткичлари қуйидаги тарзда ўзгаради:
- маданий, маиший ва коммунал объектларни аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларига ва амалдаги меъёрларга жавоб берадиган даражага етказиш;
- бўш ҳудудларда мавжуд вазият билан биргаликда марказни ривожлантириш, янги жамоат мажмуаларини қуриш.
Жамоат транспорти, автомобиль йўллари ва кўчалар ҳисоб даврида:
- магистраль кўчаларнинг узунлиги 102,6 километрдан 203,0 километргача оширилади (биринчи навбатда 155,35 км гача);
- йилига йўловчи ташишлар сони бўйича – 163,8 млн йўловчига хизмат кўрсатилади.
Шунингдек, умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ва унинг муҳофаза ҳудудида шаҳарнинг тарихий қиёфасига таъсир қиладиган ўзгартириш киритмаслик ва айрим ўзгаришлар киритилиши назарда тутилганда, олдиндан UNESCO билан белгиланган тартибда ҳисобот тайёрлаган ҳолда, келишилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев халқаро маданий тадбирларнинг натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот, хусусан, Бухоро шаҳрининг бош режаси билан танишганди.
Live
Барчаси