Бугун Ўзбекистондаги энг йирик спорт мажмуаси очилади
Жамият
−
15 Март 2019
10396Бугун, 15 март куни пойтахт Тошкентда қад ростлаган “Humo arena” кўп тармоқли спорт мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон ҳаётида муҳим ўрин тутган шахслар – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзолари, Ҳукумат аъзолари, сиёсат, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат, спорт каби соҳаларда кўплаб ютуқларга эришган ҳамюртларимиз, қолаверса, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этади.
Маълумот ўрнида, мазкур спорт мажмуасининг қурилишига 2017 йилнинг 3 февраль куни старт берилган эди.
Мажмуа Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Бешёғоч кўчалари кесишмасида, 9 гектар майдонда қурилган. Замонавий муҳандислик технологияларини уйғунлаштирган “Humo Arena” мажмуасидан 12,5 минг ўринли кўп тармоқли муз аренаси, 200 ўринли машғулотлар майдони, тренажёр зали, спорт музейи ва кўплаб бошқа объектлар ўрин олган.
Ҳар бири 60х30 метр ўлчамдаги асосий ва машқ майдонлари мусобақаларни халқаро талаблар даражасида ўтказиш, ёшларни спорт билан шуғуллантириш учун яхши имконият беради.
Мобил ўриндиқлар спорт мусобақаларидан бўш пайтда оммавий тадбирларни ўтказишга ҳам мослаша олади. Бу ерда хоккей, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг билан бирга баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо ва бошқа турдаги беллашувлар ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, байрам тадбирлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун ҳам шароит яратилган.
LiveБарчаси