Бугун Ер яқинидан йирик астероид учиб ўтади
Олам
−
10:36 2737 1 дақиқа
Европа космик агентлиги маълумотларига кўра, бугун, 27 июнь куни йирик астероид Ер яқинидан учиб ўтади. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 1997 NC1 номли астероид Ерга энг яқин масофадан ўтади. Бироқ у сайёра учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Европа космик агентлиги маълумотига кўра, у Ердан тахминан 2,6 миллион километр узоқликда ҳаракатланади. Бу масофа Ой билан Ер орасидаги масофадан қарийб етти баравар узоқ бўлса-да, астрономик ҳисоб-китобларга кўра, у Ер яқинидан ўтувчи йирик астероидлар сирасига киради.
1997 NC1 қарийб 30 йил аввал Гавайидаги астероидларни кузатиш тизими томонидан аниқланган. Унинг диаметри 750 метрдан 1,65 километргача етиши мумкин.
Мутахассисларнинг айтишича, астероид Ерга яқинлашса-да, унинг орбитаси сайёра билан кесишмайди. Шу сабабли у ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Дурбин ёки кичик телескопга эга осмон кузатувчилари уни само бўйлаб ҳаракатланаётган хира ёруғ нуқта сифатида кузатишлари мумкин.
NASA ҳисоб-китобларига кўра, 1997 NC1 бундан кейин 2133 йилгача Ерга бунча яқин масофадан қайта учиб ўтмайди. Шу боис, унинг бу галги парвози астрономлар ва ҳаваскор осмон кузатувчилари учун ноёб ҳодисалардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам 2026 JH2 номли астероид Ер ёнидан хавфсиз тарзда ўтиб кетган эди.
Live
Барчаси