Бугун “шалпангқулоқ кубок”нинг ғолиби аниқланади
Спорт
−
01 Июнь
7430Бугун, 1 июнь куни футбол бўйича Европа Чемпионлар лигасининг (ЕЧЛ) финал ўйини бўлиб ўтади. Англия пойтахти Лондондаги “Уэмбли” стадионида Мадриднинг “Реал” клуби Дортмунднинг “Боруссия”си билан баҳс олиб боради.
Жамоалар шу вақтга қадар ўзаро 14 марта куч синашган. Ўйинлардан 6 тасида мадридликларнинг, 3 тасида эса дортмундликларнинг қўли баланд келган. Яна 5 та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 24-19 “Реал” фойдасига.
“Реал” ва “Боруссия” ўртасидаги баҳс икки клуб афсоналари Тони Кроос ва Марко Ройс учун хайрлашув ўйини мақомида бўлади. Ҳар икки футболчи ҳам клубларидаги охирги ўйинини ўтказади.
Агар бугунги ўйинда ғалаба қозонса “қаймоқранглилар” ўз тарихида 15-марта ЕЧЛ бош совринини қўлга киритади. Дортмундликлар эса 2-марта "шалпангқулок кубок"ни ўзиники қилиб олиш имкониятига эга.
Маълумот учун, финал ўйини Тошкент вақти билан 2 июнга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади.