Бугун Ҳусанов ва “Манчестер Сити” “Ливерпуль”га қарши ўйнайди
Спорт
−
23 Февраль 18128 3 дақиқа
Бугун, 23 февраль куни Англия Премьер лигаси 26-тур ўйинлари давом эттирилади. Шубҳасиз, турнинг марказий учрашуви “Этиҳад”да бўлиб ўтади. Унда мезбон “Манчестер Сити” “Ливерпуль”ни қабул қилади.
Чемпионлик пойгасидаги муҳим ўйин
“Манчестер Сити” ўзи учун омадсиз давом этаётган мавсумда Чемпионлар лигаси плей-оффида “Реал Мадрид”га икки ўйин натижасига кўра 6:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Энди Гвардиола шогирдлари бор эътиборини ички чемпионатга қаратади. “Манчестер Сити” Премьер лига нуқтаи назаридан келиб чиқсак, яхши кайфиятда бу ўйинга етиб келмоқда. Сабаби “шаҳарликлар” 25-турда “Ньюкасл”ни йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Жамоа “Ливерпуль” билан ўйинни ҳаёт-мамот жанги сифатида кўрмоқда. Чунки шу баҳсда Гвардиола ва унинг шогирдлари мағлуб бўлса, чемпионлик учун умидини бутунлай узиб қўяди. Ҳозирча “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги очколар фарқи 17 тани ташкил этади. Математик жиҳатдан имкони бор, аммо бу ўйиндаги мағлубият мана шу жиҳатда ҳам имкон қолмайди. “Ливерпуль”дан кейинги рақиблар “Ноттингем Форест” ва “Тоттенхэм” бўлади.
Ҳафта ўртасида “Ливерпуль” “Астон Вилла”га қарши ўйинда очко йўқотди. Аммо энг яқин таъқибчиси “Арсенал” ўз уйида “Вест Хэм”га ютқазди. “Этиҳад”даги ўйинга қадар очколардаги фарқ 8 тагача қолди.
Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиш имконияти

Марказий ўйинга “Манчестер Сити” таркибдаги бир қанча йўқотишлар билан келмоқда. Ҳимоячи Манеэль Аканжи жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққани етмагандек, бир неча кун олдин яна бир ҳимоячи Жон Стоунз ҳам жароҳат олгани ва операция қилиниши мумкинлиги маълум бўлганди. Мазкур позициядаги йўқотишлар сабаб ва Ҳусановнинг “Реал”га қарши мазмунли ва ишончли ўйини сабаб, ўзбекистонлик футболчи асосий таркибда майдонга тушиши эҳтимоли катта. Фақат бир савол туғилади. Ҳимоянинг қайси қисмида? Кўпчиликка, хусусан, Ҳусановнинг ўзига ҳам маъқулроқ вариант бу марказий ҳимоя. Чунки ўнг қанот ҳимояга Матеус Нуньес ва Рико Льюис каби вариантлар бор. Марказда эса Рубен Диаш ва Абдуқодир Ҳусанов тандеми эҳтимоли катта. Ўзбекистонлик футболчи учун ҳам “Ливерпуль”га қарши ўйин жуда муҳим ҳисобланади. Бу ўзига бўлган ишончини янада ошириб олишига ёрдам беради.
Тахминий таркиблар
Одатга кўра, бир нечта нашрлар “Манчестер Сити” - “Ливерпуль” ўртасидаги ўйин бошланишидан олдин ўз талқинига кўра тахминий таркибларни эълон қилади.
Дастлаб, “One Football”дан бошлаймиз.

“Манчестер Сити”: Эдерсон, Нунес, Аке, Диаш, Гвардиол, Нико, Ковачич, Де Брюйне, Савиньо, Фоден, Мармуш.

“Ливерпуль”: Алиссон, Трент, Конате, Ван Дейк, Робертсон, Макаллистер, Гравенберх, Собослаи, Диас, Гакпо, Салоҳ.
“Sporting News” талқинига кўра, тахминий таркиблар.
“Манчестер Сити”: Эдерсон, Ҳусанов, Аке, Диаш, Гвардиол, Нико, Гюндоган, Бернарду, Фоден, Савиньо, Мармуш.
“Ливерпуль”: Алиссон, Трент, Конате, Ван Дейк, Робертсон, Макаллистер, Гравенберх, Собослаи, Диас, Жота, Салоҳ.
“Opta” талқинига кўра тахминий таркиблар.
“Манчестер Сити”: Эдерсон, Льюис, Диаш, Аке, Гвардиол, Нико, Гюндоган, Савиньо, Фоден, Мармуш, Холанд.
“Ливерпуль”: Алиссон, Трент, Конате, Ван Дейк, Робертсон, Макаллистер, Гравенберх, Собослаи, Диас, Жота, Салоҳ.
Кўриниб турибдики, уч нашрдан фақат биттаси, яъни “Sporting New” нашри ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибда, ўнг қанот ҳимоясида тахмин қилган. Албатта, “Реал”га қарши ўйиндан кейинги хулосаси бўйича. Аммо таркиб бўйича сўнгги қарорни мураббий Пеп Гвардиола чиқаради.
Live
Барчаси