Бу йил ватанига қайтган этник қозоқларнинг ярми Ўзбекистондан кетган

Олам

image
Марказий Осиё аҳолисининг этник таркиби қандай? north_east

Марказий Осиё аҳолисининг этник таркиби қандай?

Жорий йил бошидан буён тарихий ватанига қайтиб, “қандас” мақомини олган этник қозоқлар сони 8 051 кишини ташкил этган. Уларнинг 44,2 фоизи эса Ўзбекистон кетган. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига таяниб, “24kz” хабар берди.

1991 йилдан бери Қозоғистонга қайтган этник қозоқларнинг умумий сони 1 млн 156,1 минг кишига етган. Жорий йил бошидан буён ватанига қайтганларнинг 44,2 фоизи Ўзбекистондан, 43,2 фоизи Хитойдан, 5 фоизи Туркманистондан, 2,7 фоизи Мўғулистондан, 2,4 фоизи Россиядан ва 2,5 фоизи бошқа мамлакатлардан бўлган. Жорий йил 1 август ҳолатига кўра, уларнинг 59,1 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 31,8 фоизи вояга етмаганлар, 9,1 фоизи эса пенсионерлар.

Меҳнатга лаёқатли ёшдаги “қандас”ларнинг таълим даражасига кўра, 15,7 фоизи олий, 28,1 фоизи ўрта махсус, 53,5 фоизи умумий ўрта маълумотга эга, 2,7 фоизи эса маълумотсиз.

Қайтиб борган этник қозоқлар республиканинг турли ҳудудларига жойлашган бўлса-да, уларни кўпроқ ишчи кучи етишмайдиган ҳудудларга жойлаштириш белгиланган: Ақмола, Абай, Қостанай, Павлодар, Атираю, Ғарбий, Шарқий ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари. 2025 йил учун ушбу ҳудудларда “қандас”ларни қабул қилиш квотаси 2 309 кишини ташкил этади. 1 август ҳолатига кўра, 1 286 киши ушбу ҳудудларга кўчирилган.

Уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган: кўчиб ўтиш учун субсидия – ҳар бир оила аъзосига 275,2 минг тенге миқдорида бир марталик тўлов, уй-жой ижараси ва коммунал хизматлар учун эса 1 йил давомида ойига 59 мингдан 118 минг тенгагача тўлаб берилади. Жорий йил бошидан буён турли кўмак чораларидан 563 киши фойдаланган, улардан 221 нафари доимий ишга жойлаштирилган.

Бундан ташқари, шимолий ҳудудларга кўчиш самарадорлигини ошириш мақсадида иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича институцион чоралар қабул қилинган. Шу жумладан, иқтисодий мобиллик сертификати жорий этилган – унинг ёрдамида одамлар уй сотиб олиш, қуриш ёки ипотека бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш имкониятига эга бўлади. Бу ёрдам оилага уй қийматининг 50 фоизи ёки 4,56 млн тенгагача миқдорда, бир марталик ва қайтарилмас асосда берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон этник қозоқлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг