Бу йил Ўзбекистонга жами 42 млрд доллар хорижий инвестиция жалб этилади

Жамият

image

2025 йилда Ўзбекистонга 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиши, 81 та йирик, 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда бугун, 21 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевга инвестиция соҳасида жорий йил биринчи чоракда қилинган ишлар ҳамда навбатдаги асосий вазифалар бўйича берилган ахборотда сўз боради.

Қайд этилишича, мамлакатнинг фаол ташқи сиёсати ва қулай ишбилармонлик муҳити натижасида инвестициялар ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Хусусан, жорий йил биринчи чоракда 8 миллиард 700 миллион доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга ўсган.

Бу маблағлар эвазига энергетика, металлургия, кимё, фармацевтика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, коммунал ва ижтимоий соҳаларда кўплаб муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунда қўшилган қиймат ва иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Биринчи ярим йиллик якуни билан 18 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кутилмоқда. Умуман, 2025 йилда 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиши, 81 та йирик, 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мутасаддиларга ҳар бир лойиҳа бўйича манзилли ишлаб, барча вазирлик, ҳокимлик ва тармоқ раҳбарларини жалб қилиб, тегишли масалаларни ўз вақтида ҳал этиб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди.

“Ҳозирги кунда дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишлар шароитида ҳар бир инвестор билан яқиндан ишлаб, хорижий сармоялар самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Энг асосийси – янги инвестиция лойиҳаларини тезроқ ишга тушириб, саноат тармоқларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш ҳамда юқори даромадли иш ўринларини яратиш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича хорижий экспертлар билан катта дастур ишлаб чиқилиши ва бунга 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 10 миллиард доллар ажратилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ишбилармонлик инвестиция хорижий инвестиция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг