Бойлар янада бойийдими? БМТ жаҳон иқтисодиётидаги хавфли тенденцияни очиқлади

Interesting

−

image

Жаҳон иқтисодиёти технологиялар, инвестициялар ва халқаро бозорларга чиқиш имконияти давлатларнинг сиёсий таъсирига тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қоладиган даврга қадам қўймоқда. Бу ҳақда БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (ЮНКТАД) томонидан 9 октябрь куни эълон қилинган “Trade and Development Report 2026” маърузасида айтилади. 

Йирик давлатлар ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун савдо ва молиявий инструментлардан фойдаланмоқда, кичик ва ривожланаётган мамлакатлар эса арзон хомашё етказиб берувчи ҳамда қимматбаҳо технологиялар харидори бўлиб қолиш хавфи остида турибди.

БМТ экспертлари глобаллашувнинг аввалги модели секин-аста ўзгараётганини таъкидламоқда. Агар илгари мамлакатлар асосан маҳсулот сифати ва нархи бўйича рақобатлашган бўлса, эндиликда геосиёсий иттифоқлар, давлат субсидиялари, экспорт чекловлари ва стратегик технологиялар устидан назорат тобора муҳимроқ роль ўйнамоқда.

Айниқса, сунъий интеллект, яримўтказгичлар, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, камёб ва бошқа ўта муҳим минераллар, шунингдек, яшил энергетика технологиялари атрофида кескин кураш бормоқда. Шу билан бирга, технологик ривожланишдан келадиган асосий фойда чекланган сонли давлатлар ва энг йирик корпорациялар қўлида тўпланган.

ЮНКТАД бош котиби вазифасини бажарувчи Педро Мануэль Моренонинг айтишича, сунъий интеллект микрочиплар, серверлар, рақамли инфратузилма ва стратегик хом ашёга бўлган талабни ошириб, жаҳон савдоси ва инвестицияларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда. Бироқ рақобат учун зарур бўлган технологиялар, капитал ва малакали мутахассислар бозорнинг жуда кам сонли иштирокчиларида жамланган.

Оқибатда ривожланаётган давлатлар юқори технологик ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурсларни экспорт қилиб, кейин тайёр технологияларни импорт қилиш, аммо яратилаётган қўшилган қийматнинг арзимас қисмини олиш хавфи юзага келмоқда.

Мисол тариқасида ЮНКТАД Африкани келтиради. Конго Демократик Республикаси дунёдаги кобальтнинг тахминан 73 фоизига эгалик қилади, бироқ яшил технологияларнинг глобал ишлаб чиқариш занжирида яратилган қийматнинг 1 фоиздан камроқ қисми Африка қитъасида қолади.

Яна бир тенденция жаҳон савдоси географиясининг ўзгариши бўлмоқда. БМТ маълумотларига кўра, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо 2024 йилга нисбатан 20 фоиздан кўпроққа қисқарди. Бир вақтнинг ўзида Шарқий Осиё мамлакатлари ҳар иккала энг йирик иқтисодий марказлар билан савдо алоқаларини кенгайтирмоқда.

Экспертларнинг ҳисоблашича, глобал ишлаб чиқариш занжирларининг қайта қурилиши ривожланаётган мамлакатлар учун муайян имкониятларни очади. Бироқ улардан биринчи навбатда инвестицияларни жалб қилиш, ўз саноатини ривожлантириш ва замонавий технологияларни ўзлаштиришга қодир давлатлар фойдалана олади.

Шу билан бирга, молиявий хавф-хатарлар кучаймоқда. Қарз олиш қийматининг ошиши, халқаро капитал бозорларининг беқарорлиги ва ривожланаётган мамлакатларга ёрдамнинг қисқариши янги ишлаб чиқаришлар ва инфратузилмани молиялаштириш имкониятларини чекламоқда.

БМТнинг қайд этишича, ривожланаётган давлатлар фақат хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва хомашё экспорти билан чекланиб қолмасдан, технологияларни трансфер қилиш, ўз мутахассисларини тайёрлаш ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларни яратишга эришишлари зарур.

Маърузанинг асосий хулосаси шундан иборатки, янги жаҳон иқтисодиётида шунчаки халқаро савдога чиқишнинг ўзи етарли эмас. Мамлакатнинг мустақил равишда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, технологияларни ривожлантириш ва иқтисодиёт ичида яратилган қийматнинг катта қисмини сақлаб қалиш қобилияти тобора катта аҳамият касб этмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends