Бу йил 3 млн афғонистонлик ватанига қайтиши мумкин – БМТ
Олам
−
12 Июль 2781 2 дақиқа
Бу йил 3 миллион нафар афғонистонлик ўз юртига қайтиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича (UNHCR) вакили Арофат Жамол маълум қилди.
Унга кўра, бу даражадаги репатриация оқими аллақачон оғир бўлган гуманитар инқирозга кучли босим ўтказмоқда. Эрон ва Покистон афғон қочқинларига таъсир қилувчи янги сиёсатни жорий этган. Эрон, хусусан, ўз ҳудудидаги 4 миллион “ноқонуний” афғон фуқаросига жорий йилнинг 6 июлигача мамлакатни тарк этиш учун муддат берган.
“Биз гувоҳ бўлаяпмизки, Афғонистонга Эрон ва Покистондан амалга ошаётган бу қайтиш инсонийликдан йироқ, тартибсиз ва оммавий тарзда содир бўлмоқда. Бу эса уларни қабул қилишга мутлақо тайёр бўлмаган ватанга улкан босимни юзага келтирмоқда. Бизни энг кўп ташвишга солаётган нарса – бу қайтишлар миқёси, интенсивлиги ва кечаётган шартларидир”, дейди Афғонистондаги UNHCR вакили.
Жамолнинг айтишича, бу йилнинг ўзида Покистон ва Эрондан 1,6 миллиондан ортиқ афғон ватанига қайтган. Уларнинг катта қисми эса Эрон ҳудудидан. Бу кўрсаткич UNHCR’нинг 2025 йил учун дастлабки 1,4 миллионлик прогнозидан аллақачон ошиб кетган.
БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги эндиликда бу йил жами 3 миллион киши Афғонистонга қайтишини кутмоқда.
UNHCR маълумотларига кўра, ҳозирда ҳар куни 30 мингдан ортиқ киши Эрон билан чегара бўлган Ислом Қалъа назорат-ўтказиш пунктидан Афғонистонга ўтмоқда. 4 июль куни эса бу кўрсаткич 50 минг кишига етган.
“Бу одамларнинг аксарияти тўсатдан ҳайдаб чиқарилган ва машаққатли, ҳолдан тойдирувчи ва камситувчи сафарни бошдан кечирган ҳолда етиб келмоқда. Улар чарчаган, адашган, зўравонликка учраган ва кўпчилиги тушкунликда”, дейди Жамол.
БМТ зудлик билан сув таъминоти ва санитария тизимларини кучайтириш чораларини кўриб, улар ҳар куни 7 мингдан 10 минггача кишига хизмат кўрсатиши керак. Шунингдек, эмлаш ва озиқланиш хизматлари йўлга қўйилган.
Чегарадан ўтган кўплаб одамлар Эрон ҳукумати томонидан босим, ҳибсга олиш ва мажбуран чиқариб юборилиш ҳолатларини бошдан кечирганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил бошидан бери 1 миллиондан ортиқ Афғонистон фуқароси Эрон ва Покистондан мажбуран Афғонистонга қайтарилгани хабар қилинганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь