“Бу менинг ишим эмас”. Усмонов Россия-Украина можароси ҳақида 

Олам

image

Россиялик миллиардер, USM холдинг асосчиси ва энг йирик акциядори Алишер Усмонов Италиянинг “TGcom24” телеканалига интервью бериб, Россия-Украина урушига муносабат билдирди.

Усмоновнинг айтишича, урушга муносабат билдириш унинг иши эмас! 

Урушнинг таассуротлари ҳақида гап кетганда, ҳамма учун бу авваламбор зарба.

“Қандай қилиб биз содир бўлаётган воқеалардан ҳайратга тушмаслигимиз мумкин? XXI асрда уруш инсониятнинг мақсадлари нуқтаи назаридан ҳеч кимга фойда келтирмайди. Аммо бу менинг ишим эмас, мен сиёсатчи эмасман, сиёсат қилишни хоҳламайман. Ва шунинг учун мен ҳар қандай можаро тинчликда, энг муҳими, қурбонларсиз якунланиши керак, деб ўйлайман”, деган Усмонов журналист саволига жавобан.

У эртами-кечми можаролар тугашига ва қонун тикланишига умид қилишини билдирган. Шунингдек, Европада ҳурмат қозонишига, бутун дунёда тан олинишига, ҳаётини беҳуда ўтказмаганига ишонишини айтган.

“Келажакда мен одамларга, инсониятга, мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистонга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ва мен, албатта, Италияга, ҳеч бўлмаганда Арзачена шаҳрига, ҳеч бўлмаганда Сардиния вилоятига яхшилик қилишга ҳаракат қиламан”, дея келгусидаги режалари ҳақида гапирган у.

Бундан ташқари, Алишер Усмонов Италиянинг “TGcom24” телеканалига Италияни севиши ҳақида ҳам гапириб ўтган.

“Менинг энг катта муҳаббатим Сардиния. Италиянинг ушбу минтақаси шарқий популяцияларнинг изларини ҳам сақлайди. У ерга биринчи марта келганимда, ватанимда, Ўзбекистонда кўрган ва эшитадиган одамларнинг руҳи ва алоҳида қадр-қимматини ҳис қилдим. Мен билган кўплаб италияликлар ва мен орттирган дўстларим Алишер Усмоновга ўхшаган одамдан воз кечмаганидан ғурурланаман. Мен чин дилдан барчага миннатдорлик билдираман. Бу италияликларнинг ҳақиқий дўст эканлигининг яна бир тасдиғи эди”, дея фикрларини якунлаган миллиардер.

Маълумот учун, Алишер Усмонов “Металлоинвест”, “Удокан мис” ва “Мегафон”ни ўз ичига олган USM гуруҳининг асосчиси ва энг йирик акциядори ҳисобланади. Forbes маълумотларига кўра, у Россиянинг энг бой миллиардерлари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллайди. Унинг бойлигини журнал 11,5 миллиард долларга баҳоламоқда.

Бироқ ўтган 2022 йил Усмонов учун анча талафотли бўлди. Миллиардер 24 февралдан бери Украина, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг санкция рўйхатига киритилди.

Ноябрь ойида Германия ҳукумати унга тегишли деб ҳисобланган, қиймати беш миллион евро бўлган 30 та асл санъат асарлари, жумладан, рассом Марк Шагалнинг асарини мусодара қилган эди.

Бундан ташқари, март ойида санкцияга учраган унинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтаси ҳам Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли кейинроқ тортиб олинган. 

Декабрь ойида эса Украинада россиялик олигарх Алишер Усмонов компаниясининг 160 минг тоннадан ортиқ қарийб 54 миллион долларлик Украина темир рудаси сақланаётган ер ости омборлари ҳибсга олингани ҳақида хабар берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Усмонов ўзини Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи бошқарув бюросидан чиқариб юборишни сўраб, пенсияга чиқмоқчи эканини очиқлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов миллиардер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг