Бу хотин-қизлар ҳуқуқларининг ғазабнок ва шафқатсиз бузилиши – БМТ

Жамият

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк “Толибон”нинг аёлларни университетларда ўқишини тақиқлаш қарорини “Афғонистондаги аёллар ва қизлар ҳуқуқларининг навбатдаги ғазабнок ва шафқатсиз бузилиши” деб атади. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берди. 

Унинг сўзларига кўра, бу бутун мамлакат учун афсусланарли дарражадаги ортга қадам.  

“Аёллар ва қизларни ҳаётнинг деярли барча жабҳаларидан тизимли равишда четлаб ўтишнинг бундай шакли дунёда кузатилмаган”, дейди БМТ бош ҳуқуқ ҳимоячиси. 

У сўнгги йилларда мамлакат ривожига салмоқли ҳисса қўшган афғонистонлик хотин-қизларнинг бугунги кунда ўқиш имкониятидан маҳрум бўлаётгани ниҳоятда ачинарли, деб ҳисоблайди. 

Аввалроқ, ўтган ёздан бери Афғонистонни амалда назорат қилган “Толибон” қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаган эди. 

“Ўйлаб кўринг, Афғонистон қанча ҳуқуқшунос ва ўқитувчиларни бой беради, қанча одам тараққиётга ҳисса қўша олмайди”, дейди Турк. 

Унинг эслатишича  аёллар ва қизларнинг ўқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш орқали Афғонистон халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини бузмоқда.  

“Аёллар ва қизларнинг ҳар қандай даражадаги, ҳеч қандай камситишларсиз таълим олиш ҳуқуқи асосий ва инкор этилмайдиган ҳуқуқдир”, дейди Олий комиссар.  

У де-факто афғон ҳукуматини мамлакат аёллари ва қизлари, шунингдек, бутун афғон жамияти фаровонлиги йўлида ўз қарорини зудлик билан бекор қилишга чақирди. 

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг