“Бу хатолик бўлиши мумкин”. Трамп Россия дронларининг Польшага кириши ҳақида
Олам
−
12 Сентябрь 2025 4977 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия учувчисиз самолётларининг Польша ҳаво ҳудудига бостириб киришини қоралар экан, бу беихтиёр, хато туфайли содир бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Трамп кеча, 11 сентябрь Оқ уй ҳовлисида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
“Бу хато бўлган бўлиши мумкин, лекин шундай бўлса ҳам, мен бу вазият билан боғлиқ ҳамма нарсадан мамнун эмасман”, деди Трамп.
АҚШ Президенти Россияни “ҳатто бу чизиққа яқин тургани учун ҳам” қоралашини қўшимча қилди.
“Менга ёқмайди. Мен бундан мамнун эмасман”, деди Президент.
10 сентябрга ўтар кечаси Россия Украинага йирик зарбалар берганида, камида 19 та дрон Польша чегарасини кесиб ўтди. Дронларни тутиб олиш учун Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётларидан ҳам фойдаланилган.
Дрон парчалари Беларусь ва Украина билан чегара яқинидаги Вирики қишлоғидаги тураржой биносига зарар етказди, қурбонлар йўқ.
Варшаванинг таъкидлашича, Россия атайлаб Польшага ҳужум қилган ва Варшава Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни талаб қилган.
Германия Мудофаа вазири Борис Писториус ҳам Бундестагдаги нутқида Россиянинг дронлари Польша ҳудудига атайлаб учирилгани аниқ эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу курсни созлашда хато бўлган деб ишонишга асос йўқ.
Бунга жавобан Россия Мудофаа вазирлиги Польшадаги нишонларга зарба беришни “режада қилмагани” ҳақида хабар берди.
Польша Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Висслав Кукуланинг маълум қилишича, Польша ҳарбийлари Беларусдан дронлар ҳаракати ҳақида огоҳлантириш олган.
“Беларуслар бизни дронлар ўз ҳаво ҳудуди орқали ўтаётгани ҳақида огоҳлантирди”, деди у.