“Бу икки юзламачиликка қачон барҳам берилади?” “Динамо” ҳакамликдан шикоят қилди (видео)
Спорт
−
17:01 2238 3 дақиқа
Самарқанднинг “Динамо” футбол клуби “Навбаҳор”га қарши учрашувдаги ҳакамлик қарорларидан норози эканини билдирди ва ушбу учрашувдаги баҳсли эпизодлар юзасидан Ўзбекистон профессионал футбол лигасини (ЎзПФЛ) ўйинда ишлаган ҳакамларни текширишга чақирди.
Самарқандликлар клуб матбуот хизмати орқали тарқатган баёнотида Бенжамин Тейдининг Азизбек Амоновга нисбатан қўпол ҳаракати қизил карточкага лойиқ бўлганини билдирган.
“Динамо” иштирокидаги ўйинларда ҳакамлик бўйича ҳали аввалги баҳсли вазиятларга жавоб топилмай, ҳаттоки FIFA ҳакамлари футболчиларимизга нисбатан яққол қўполликни кўра туриб, кўрмасликка олишмоқда.
Сиз кўраётган бу қўполлик куни кеча ўтган “Навбаҳор” – “Динамо” (3:2) ўйинида рўй берди ва бу вазият такрори негадир трансляцияда батафсил эфирга узатилмади. Намангандаги ўйинни бошқарган ҳакам Достон Раҳмонов кўз ўнгидаги яққол қўполликни кўрмади ёки кўришни истамади. VAR ҳаками сифатида ишлаган, мундиалда иштирок этиб қайтган Илгиз Танташев ҳам ўйин қоидаси яққол бузилган вазиятни кўра туриб, кўрмасликка олди. Акс ҳолда у бош ҳакамни монитор қаршисига чақириб, “Навбаҳор” ўйинчиси майдондан четлатиларди”, дейилади клуб расмий шикоятида.
Клубнинг маълум қилишича, “Динамо”нинг “Сурхон”га қарши ўйинида оддий вазиятдаги эҳтиётсизлик учун жамоа аъзоси Амаду Думбуя майдондан четлатилиб, 3 ўйинга дисквалификация ва 10 млн сўм жаримага тортилган. Тейдининг атайлаб қилган зўравонлиги эса ҳаттоки сариқ карточкага ҳам лойиқ кўрилмаган.
“Ўзбек футболидаги бу икки юзламачиликка қачон барҳам берилади?” дейилади клуб баёнотида.
Наманганда ўтказилган “Навбаҳор” – “Динамо” учрашуви 3:2 ҳисобида наманганликлар фойдасига ҳал бўлди.
“Динамо” клуби бу ҳолат биринчи бор қайд этилмаётганини ва FIFA ҳаками ҳисобланган Илгиз Танташевни клубга нисбатан доимий адоват билан ишлаб келишда айблади.
“Ўтган мавсум айнан Танташев жаноблари Жиззахда 90+12-дақиқада “Динамо” дарвозасига пенальти ўйлаб топган ва “Сўғдиёна” билан баҳсда ғалаба қўлдан чиқарилганди. Жамоамиз шикоятидан кейин Илгиз Танташевнинг қўпол хатоси тан олинган ва узр сўралган бўлса-да, якунда ўша қимматли 2 очко “Динамо”ни ОЧЛ йўлланмасидан маҳрум қилди. Орадан бир йил ўтиб – 25 август куни Самарқандда “Динамо” – “Пахтакор” баҳсини бошқарган Танташев бу сафар Фирдавс Абдураҳмоновнинг голини инобатга олмади. Машҳур ҳакамимизнинг “Динамо”га нисбатан қандай адовати борки, ҳар ўйинда бу ноҳақлик давом этаверса?” дейилади клуб хабарида.
Баёнотда икки тур аввал Қўқондаги учрашувда VAR ҳаками Жасур Мухторов ҳам яққол пенальти берилиши мумкин бўлган вазиятда бош ҳакамни монитор қаршисига чақирмаганлигини ёзди.
“Динамо” ПФК навбатдаги мурожаатида Ўзбекистон Ҳакамлар марказидан “Навбаҳор” билан ўйиндаги баҳсли эпизод бўйича эксперт ҳакамларнинг расмий хулосасини сўрашини маълум қилди.
Клуб, шунингдек, ЎзПФЛ ва МТРКдан учрашув трансляциясида мазкур вазият нега тўлиқ ва такрорий кўрсатилмагани юзасидан хизмат текшируви ўтказишни сўради.
Live
Барчаси