“Бу демократия эмас”. Путиннинг ғалабасига дунё қандай муносабат билдирди?

Олам

image

15-17 март кунлари Россияда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловда амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ғалаба қозонди. У 87,32 фоиз овоз билан яна “курси”сини сақлаб қолди.  Биринчилардан бўлиб уни Боливия, Венесуэла, Никарагуа, Шимолий Корея, Ўзбекистон, Тожикистон каби давлатлар раҳбарлари табриклаган бўлса, Ғарб давлатлари сайловни адолатсиз деб атади. 

Жумладан, Европа Иттифоқи Кенгаши раиси Шарль Мишель Россияда бўлиб ўтаётган президентлик сайловлари билан боғлиқ Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида истеҳзоли баёнот эълон қилди. У Россияда сайлов бошланмасиданоқ Путинни “ишончли ғалаба”си билан табриклади. 

Германия ҳукумати эса овоз беришни цензура, репрессия ва зўравонликка асосланган авторитар ҳукмдор давридаги сохта сайлов деб атади. Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Путинни табрикламоқчи эмаслигини ва унга хат жўнатилмаслигини маълум қилган. 

Франция Ташқи ишлар вазирлиги Россияда эркин, плюралистик ва демократик сайловлар учун шартлар яна бир бор бажарилмаганини таъкидлаб, сайлов ҳеч қандай холис халқаро кузатувсиз ўтганини қайд этди.

“Россиядаги президентлик сайловларини қонуний, эркин ва адолатли деб ҳисоблаш мумкин эмас. Овоз бериш аҳолига нисбатан қаттиқ репрессия шароитида ўтди, бу эса эркин демократик танловни имконсиз қилди”, дейилади Польша Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон ҳам Россиядаги сайловларга ўз муносабатини билдирди. 

“Путин ўзининг сиёсий рақибларини йўқ қилади, оммавий ахборот воситаларини назорат қилади ва кейин ўзини ғолиб деб эълон қилади. Бу демократия эмас”, дейди у.

Литва Ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис ҳам Россиядаги сайловларни демократик ирода ифодаси деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини айтиб, натижаларни тан олмаслигини таъкидлади.

“Бу демократик сайловлар эмас, балки авторитар ҳокимиятни ўзини-ўзи таъминлаш маросимидир. Россиядаги сайловлар адолатли ҳам, эркин ҳам эмас”, дейди Эстония Ташқи ишлар вазирлиги.

АҚШ маъмурияти эса Путин сиёсий рақибларини қамоққа ташлагани ва бошқаларнинг сайловда қатнашишига тўсқинлик қилганини инобатга олишга чақириб, бу сайлов очиқ ҳам, адолатли ҳам бўлмаганини таъкидлади.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Оқ уй баёнотини изоҳлар экан, бу тинглашга арзимайдиган фикр эканини айтган. 

“Дунёдаги ҳамма тушунади, бу шахс тарихда тез-тез содир бўлганидек, шунчаки ҳокимиятга “касал” бўлиб, ҳукмронлик қилиш учун ҳамма нарсани қилади”, дейди Украина Президенти Владимир Зеленский.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг