Россиядаги президентлик сайловларини тан олмаймиз – Германия

Олам

image

Германия ҳукумати Россиядаги президентлик сайловларини қонуний деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот котиби Кристиан Хофман бугун, 18 март куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Хофман журналистнинг сайловда ғалаба қозонган  Россия раҳбари Владимир Путинни Германия ҳукумати нега табрикламаётгани ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берган:

"Ҳозирда бизнинг сайловни ўз назоратига олган Россия Президенти Владимир Путин билан мулоқотимиз йўқ. Шунинг учун ҳозир табриклаш керакми, йўқми деган савол кўтарилмаяпти. Аммо мен бу сайловни қонуний деб тан олмаслигимизни аниқ айта оламан", деган Вазирлар Маҳкамаси вакили.

Хофман канцлер Олаф Шольц Путинни сайловдаги ғалабаси билан табрикламагани Германиянинг Россияда ўтказилган сайловларни эркин ёки адолатли деб ҳисобламаслигини исботи сифатида кўрсатган.

"Натижа олдиндан маълум бўлган кўринади. Бизнинг баҳолашимизча, бу нодемократик сайлов бўлди", дея қўшимча қилган у.

Қолаверса, у Россияда сўз эркинлиги йўқлиги ва мамлакат аллақачон диктатурага айланганини билдирган. Ҳукумат вакили Германия ҳеч қандай ҳолатда Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги сайлов натижаларини тан олмаслигига ишонтирган ва Россия билан алоқалар минимал даражага тушганини тан олган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни бўлиб ўтган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан табриклаганди. Европа Иттифоқи Кенгаши раиси Шарль Мишель эса Россияда сайлов бошланган куннинг ўзида Путинни ғалаба билан табриклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия сайлов Кристиан Хофман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг