“Бу ҳали бошланиши”. Киевга 61 та F-16 бериляпти (фоторепортаж)
Олам
−
21 Август 2023
13969Кеча, 20 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Нидерландия ва Данияга борди ва у ерда F-16 қирувчи самолётларини Киевга етказиб бериш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Нидерландияга сафари доирасида у мамлакат Бош вазири Марк Рютте билан Эйндховен ҳарбий авиабазасига бориб, F-16 самолётларини кўздан кечирди. Дастлаб, Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида Бош вазири Марк Рютте Нидерландия Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш ниятида экани, бироқ уларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмаслигини айтди.
“Қирувчиларни етказиб бериш Украина ва Нидерландия ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи бўлади”, деган Рютте.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Нидерландия ихтиёрида 42 та қирувчи самолёт бор. Улар аста-секин замонавийроқ F-35 самолётлари билан алмаштирилмоқда.
“Бизга Данияда ва тез орада Руминияда ўқув дастури учун бир нечта самолёт керак. Айни пайтда биз қанча самолёт етказиб беришимизни айта олмаймиз”, деган Бош вазир.
Бироқ кейинчалик Украина Президенти Нидерландия билан Киевга 42 та F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича “катта келишув”га эришилганини эълон қилди.
“Марк Рютте ва мен учувчиларимиз ва муҳандисларимиз тайёрлангандан сўнг Украинага бериладиган F-16 самолётлари сони бўйича келишиб олдик. 42 та самолёт. Ва бу ҳали бошланиши”, деб ёзди у Telegram-каналида.
Бироқ етказиб бериш саналари ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда. Нидерландиянинг “NL Times” ахборот порталига кўра, самолётларни топшириш келаси ёзгача амалга оширилмайди. Бундан ташқари, Рюттенинг таъкидлашича, бошқа масалаларни, хусусан, Украинада самолётларга хизмат кўрсатиш учун зарур инфратузилма тайёр бўлишини ҳам ҳисобга олиш керак.
Шу куннинг ўзида Зеленский Данияга ҳам борди ва мамлакат раҳбарияти ва қироллик оиласи билан учрашув ўтказишини маълум қилди.
“Дания. Биз Украинани мустаҳкамлаш, халқимизни ҳимоя қилиш учун ишлашда давом этамиз. Мен Бош вазир Метте Фредериксен хоним, қироллик оиласи, партия раҳбарлари, Фолькетинг [парламент] аъзолари ва Дания бизнеси вакиллари билан учрашаман”, деб ёзди у Telegram-каналида.
Музокаралар кун тартибига қўйиладиган масалалар қаторида мамлакатлар ҳамкорлиги ва F-16 қирувчиларини етказиб бериш масалаларини санаб ўтди.
Ташриф давомида Зеленский Дания Бош вазири Метте Фредериксен билан Жанубий Ютландиядаги Скридструп аэропортида F-16 қирувчиларидан бирини кўздан кечирди. Расмий саҳифаларда эълон қилинган суратларда Зеленский ва Фредериксен самолёт учувчилари ўриндиғида ўтирганини кўриш мумкин.
Кейинчалик ўтказилган матбуот анжуманида Бош вазир Метте Фредериксен Дания F-16 қирувчи самолётларини Украинага Янги йилга яқинроқ етказиб беришга умид қилаётганини айтди.
“Биз буни имкон қадар тезроқ қиламиз. Кўп нарсага тайёргарлик кўриш керак. Умид қиламизки, Украина Янги йилга яқинроқ биринчи олтита жанговар самолётни қабул қила олади”, деган Дания Бош вазири.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда саккизта, 2025 йилда яна бешта қирувчи самолётни етказиб бериш режалаштирилган. Фредериксеннинг аниқлик киритишича, ҳозирда 70 нафар украиналик Данияда F-16 самолётини бошқаришга ўқитилмоқда.
Дания Мудофаа вазирлиги ҳам буни тасдиқлаб, Копенгаген Киевга 19 та F-16 қирувчисини топширишга тайёр экани маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг март ойида Дания ҳукумати парламентдаги партиялар билан 2023 йилда 7 миллиард кронлик (1 миллиард доллардан ортиқ) Украина жамғармасини яратиш бўйича келишувга эришган. Шундан 5,4 миллиарди ҳарбий ёрдамга – қурол-яроғ, асбоб-ускуналар ва тренинглар учун, 1,2 миллиард крон (173 миллион доллар) фуқаролик ёрдамига – шошилинч инсонпарварлик саъй-ҳаракатлари ва узоқ муддатли қайта қуриш учун ажратилди. Июнь ойида 2023-2028 йилларда жамғарма доирасида Украинага ҳарбий ёрдамни 21,9 миллиард кронга (3,1 миллиард доллар) ошириш бўйича келишувга эришилган. Дания 2023 йилда қўшимча 7,5 миллиард крон (1,1 миллиард доллар), 2024 йилда 10,4 миллиард крон (1,52 миллиард доллар) ва 2025-2028 йилларда ҳар йили 1 миллиард (150 миллион доллар) ажратади.
Маълумотларга кўра, Зеленский бугун, 21 август куни Дания парламентида нутқ сўзлайди. Кейин уни партия етакчилари, парламент гуруҳлари раислари ва Ташқи ишлар кенгаши, Ташқи ишлар қўмитаси, Европа қўмитаси ва Мудофаа қўмитаси қабул қилади. Шундан сўнг Украина Президенти қиролича Маргрете II билан учрашади.
Эслатиб ўтамиз, 19 август куни Зеленский рафиқаси билан Швецияга борганди. У қирол Карл XVI Густав ва қироличаси Сильвия, Бош вазир Ульф Кристерссон, спикер Андреас Норлен ва парламентдаги партиялар раислари билан учрашганди. Ташриф давомида CV-90 пиёда жанговар машинасини украинада ишлаб чиқаришга келишилган, Швеция ҳарбий ёрдамининг янги, 13-пакетини топширишга тайёргарлик кўрилаётгани ва Gripen самолётини Киевга топшириш масаласи муҳокама қилинганди.
LiveБарчаси