Зеленский рафиқаси билан Швецияга борди
Олам
−
19 Август 2023
10799Украина Президенти Владимир Зеленский амалий ташриф билан Швецияга борди ва у ерда бир қатор муҳим учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Президент Швецияга Украина Биринчи хоними Елена Зеленская билан бирга борган. Зеленский у ерда Бош вазир Ульф Кристерссон, қирол Карл XVI ва қиролича Сильвия, спикер Андреас Норлен ва парламентдаги партиялар раислари билан учрашишни режалаштирган.
“Украина-Швеция кенг кўламли музокараларида озодлик ва мустақиллик учун курашимизни қўллаб-қувватлагани учун Швецияга шахсан миннатдорчилик билдираман”, деб ёзган Украина Президенти.
Зеленский сафарнинг устувор вазифаси Украина ер ва ҳаво кучларини мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ҳарбий-саноат комплекси, Украинанинг Европа интеграцияси ва Евро-Атлантика маконида умумий хавфсизликни таъминлашдан иборат бўлишини таъкидлаган.
“Биз Швециянинг НАТОга киришини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ишончимиз комилки, биз биргаликда бутун Болтиқ-Қора денгиз-Азов минтақасида ишончли тинчликни кафолатлаймиз”, дейди у.
Зеленский Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон билан музокараларни бошлашдан олдин ҳам пост қолдирган ва унда Швециянинг CV-90s зирҳли жанговар машиналарини Украинада ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Зеленский Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича G7 қўшма декларациясига 12 давлат қўшилганини айтган эди. Улар орасида Швеция ҳам бор эди.