Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга 12 давлат тайёр – Зеленский
Олам
−
03 Август 2023
7034Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича G7 қўшма декларациясига 12 давлат қўшилди. Бу ҳақда кеча, 2 август куни Президент Владимир Зеленский Украинанинг хорижий дипломатик муассасалари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.
Зеленскийнинг айтишича, Белгия, Дания, Ирландия, Исландия, Испания, Норвегия, Нидерландия, Португалия, Руминия, Финляндия, Чехия ва Швеция Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича декларацияга қўшилган.
“Бу ҳафта биз икки томонлама келишувлар устида иш бошлаяпмиз ва Қўшма Штатлар биз ишлаётган биринчи давлат бўлди”, деди Украина раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, йил охиригача НАТОга қўшилишгача бўлган давр учун хавфсизлик кафолатлари пакети “жуда аниқ” бўлиши керак.
Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойида Вилнюсда бўлиб ўтган НАТО саммитида G7 давлатлари (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Япония, Италия, Канада) етакчилари Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Ҳужжатга кўра, “Катта еттилик”нинг ҳар бир мамлакати “аниқ узоқ муддатли мажбуриятлар”ни ҳал қилиш учун Украина билан музокара олиб бориши керак. Тез орада бу борада АҚШ билан музокаралар бошланиши кутилмоқда.