Бу ҳафта Ўзбекистонда ҳарорат кескин пасаяди

Бу қизиқ

image

Ўзбекистонда бу ҳафта кундузи ҳаво ҳарорати 32–37 даражагача, айрим жойларда эса 30 даражагача тушиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон аҳолиси ниҳоятда иссиқ об-ҳаво шароитини бошдан кечирди. Ҳаво ҳароратининг энг юқори кўрсаткичи 43–45 даража, жанубда ва чўл ҳудудларида эса 46–49 даражагача кўтарилди. Кеча, 19 июль куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасая бошлаган. Бугун, 20 июль куни чўл ҳудудларида, эртага, 21 июль куни эса республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилади.

Жорий йилнинг 20–24 июль кунлари Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 21 июлда Қорақалпоғистон Республикасида ва 22 июлда Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Тоғли ҳудудларда айрим жойларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Бугун кундузи ҳаво ҳарорати 40–43 даража бўлади, жанубда баъзи жойларда 45–47 даражагача, шимолда 34–39 даража бўлади.

Эртадан бошлаб иш ҳафтасининг охиригача ҳаво ҳарорати кечаси 20–25 даражагача, кундузи 32–37 даражагача, баъзи жойларда 30 даражагача пасаяди.

Жорий йилнинг 20–22 июль кунлари республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда 20–22 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкентда ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Бугун кундузги ҳаво ҳарорати 41–43 даража, эртага кечаси 25–27 даража, кундузи 36–38 даража бўлади, 22–24 июль кунлари кечаси 20–23 даражагача, кундузи 31–34 даражагача пасаяди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3–8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 12–15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 20 июль куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, жумладан Тошкент шаҳрида кучли шамол ва айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзгидромет жорий йилнинг 21–24 июль кунлари кутилаётган ёмғирлар ёғиши сабабли, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш билан чиққан эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг