Британиянинг собиқ шаҳзодаси озод этилди
Олам
−
20 Февраль 3138 2 дақиқа
Буюк Британия полицияси қирол Чарлз III нинг укаси шаҳзода Эндрюни Жеффри Эпштейн билан алоқалари юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида ушлаган эди. У қарийб 12 соат давом этган сўроқдан кейин ўша куни кечқурун полиция бўлимидан озод қилинган. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Полиция 66 ёшли собиқ қироллик оиласи аъзоси давлат хизматида ноқонуний ҳаракатлар содир этганликда гумон қилиниб ҳибсга олингани, кейинчалик эса “тергов давом этаётган ҳолатда” озод этилганини билдирган. Бу мақом тергов давом этаётганини англатади, аммо ҳозирча унга расмий айблов эълон қилинмаган.
Аввалроқ, ҳуқуқ-тартибот идораларининг баёнотида Эндрюнинг исми тўғридан-тўғри тилга олинмаган, фақат 60 ёшдан ошган бир эркак ушлангани маълум қилинган эди. Шунингдек, тергов билан боғлиқ икки манзилда тинтув ўтказилган.
ОАВ маълумотларига кўра, тергов 2010 йилда Эндрю Жеффри Эпштейнга савдо ҳисоботларини юборган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқда. Текширувга АҚШда Эпштейн иши бўйича йиғилган катта ҳажмдаги ҳужжатлар эълон қилиниши сабаб бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар собиқ шаҳзодани расмий лавозимларда ишлаган даврида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда гумон қилмоқда. Шаҳзода эса илгари бир неча бор ҳар қандай қонунбузарликни рад этган ва Эпштейн билан дўстлиги учун афсус билдирган.
Эндрю Эпштейн иши билан боғлиқ можародан сўнг қироллик оиласи аъзоси сифатидаги расмий унвонлари ва мажбуриятларидан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дубайда жойлашган глобал логистика гиганти DP World раҳбари Султон Аҳмад бин Сулайм “Эпштейн иши” билан алоқалари ошкор бўлгач, лавозимини тарк этганди.
Live
Барчаси