Британиянинг собиқ бош вазири Зеленскийга маслаҳатчи бўлди
Олам
−
27 Февраль 6544 2 дақиқа
Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Риши Сунак Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг иқтисодий тикланиши бўйича бир нечта халқаро маслаҳатчиларидан бири лавозимини эгаллади. Бу ҳақда ҳужжатларга таяниб, “The Independent” хабар берди.
Газетанинг ёзишича, собиқ бош вазир Зеленскийнинг Украинани иқтисодий янгилаш бўйича халқаро маслаҳат кенгаши таркибида ҳақ тўланмайдиган (жамоатчилик асосида) фаолиятини бошлаган.
Маслаҳат кенгаши ҳам Зеленскийга, ҳам унинг иқтисодий маслаҳатчиси, Канаданинг собиқ бош вазири ўринбосари Христия Фриландга маслаҳат берувчи экспертлар гуруҳини шакллантириши кутилмоқда.
Сунак бош вазир сифатида Украинани қўллаб-қувватлаш у учун шараф бўлганини ва ҳозир ҳам ушбу ишни давом эттиришдан мамнунлигини билдирган.
“Ғарбга кучли Украина керак, кучли Украинага эса кучли иқтисодиёт зарур”, дейди у.
Қайд этилишича, собиқ бош вазир кенгашнинг биринчи йиғилишида бошқа халқаро арбоблар, жумладан, Жаҳон банки президенти Ажай Банга ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо билан бирга иштирок этган. Тадбирда, шунингдек, Siemens, BlackRock, Citigroup ва ArcelorMittal каби йирик компаниялар вакиллари ҳам қатнашган.
Маълумот учун, Риши Сунак 2022 йил кузида Буюк Британия бош вазири бўлган эди. У 2024 йил ёзида сайловлардаги мағлубиятдан сўнг ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этганини эълон қилди ва рафиқаси билан бирга Даунинг-стритдаги уйини тарк этди. Унинг ўрнини Лейбористлар партияси етакчиси Кир Стармер эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Риши Сунак Microsoft корпорациясининг катта маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган эди.
Live
Барчаси