Британияда Энергетика вазири Мудофаа вазирлигига раҳбар бўлди
Олам
−
31 Август 2023
3177Бугун, 31 август куни Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес лавозимини тарк этиб, унинг ўрнига шу пайтгача Энергетика вазири сифатида ишлаб келаётган Грант Шаппс тайинланди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати сайтида маълум қилинди.
2019 йил июлидан бери Британия Мудофаа вазирлигини бошқариб келаётган Бен Уоллес жорий йилнинг июль ойида Бош вазир Риши Сунак томонидан режалаштирилган навбатдаги ўзгаришлар пайтида Вазирлар Маҳкамасидан кетиш ниятида эканини эълон қилган. Ўшанда собиқ вазир сиёсатдан чарчаганини қайд этган. Бугун, 31 август куни эса унинг Сунак номига ёзган ўз истеъфоси ҳақидаги мактуби эълон қилинган.
У ўз мактубида ўта бандлиги туфайли эътиборсиз қолдирган шахсий ҳаётига вақт ажратишни ва “ўзи учун янги имкониятларни кашф қилишни” истаётганини такрорлаган.
Сунак эса 53 ёшли Уоллеснинг деярли 9 йил юқори давлат лавозимларида ишлаганидан сўнг нафақага чиқиш истагини тўлиқ тушунишини билдирган.
Маълумот учун, Бен Уоллес 2016-2019 йилларда Буюк Британия Ички ишлар вазири ўринбосари бўлган. 2019 йил 24 июлдан Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимига киришган. У собиқ бош вазир Борис Жонсон томонидан тайинланган ва Лиз Трасс ҳамда Риши Сунак ҳокимиятида ҳам ўз лавозимини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
“The Times” нашрининг ёзишича, Уоллеснинг бу қарорига Оқ уй унинг номзодини НАТОнинг янги Бош котиби лавозимига қўллаб-қувватлашдан бош тортгани таъсир қилган бўлиши мумкин.
Бен Уоллес ўрнига тайинланган Грант Шаппс эса бешинчи марта вазир бўлди. 44 ёшли сиёсатчи 2019-2022 йилларда транспорт вазири, 2022-2023 йилларда Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири ҳамда Лиз Трасс ҳукуматида бир ҳафта давомида Ички ишлар вазири бўлган.
Шаппс Лондон марказидан 30 км узоқликда жойлашган Рикменсвортда (Ҳертфордшир) яҳудий оиласида туғилган. У Манчестер политехника институтининг иқтисод ва молия факультетини тамомлаган. Ўқишни тамомлаганидан сўнг у шахсий бизнес билан шуғулланган, веб-сайтларни ишлаб чиққан ҳамда маркетинг ва дизайн соҳасида хизматлар кўрсатадиган PrintHouse корпорациясига асос солган.
Унинг Британия парламенти Жамоатчилик палатасига киришга биринчи икки уриниши – 1997 ва 2001 йилги сайловларда муваффақиятсиз тугаган. Бироқ 2005 йилда у сайловда ғалаба қозонишга муваффақ бўлган ва ўзи туғилган Ҳертфордширдаги Уэлвин-Ҳатфилд сайлов округидан депутат бўлган.
1997 йилдан бери сиёсатчи ишбилармон аёл Белинда Голдстон билан турмуш қурган, эр-хотиннинг уч фарзанди бор.
Грант Шапсс Энергетика вазирлигидан кетгач, унинг ўрнига Буюк Британия парламенти болалар ва оилалар масалалари бўйича ўринбосари Клэр Коутиньо Энергетика ва углерод нейтраллиги вазири этиб тайинланган. 38 ёшли Коутиньо илк бор 2019 йилда Шарқий Суррей сайлов округидан ҳукмрон Консерватив партиядан парламентга сайланган. У Сунак Молия вазири (2020 йил феврал - 2022 йил июл) лавозимида ишлаган даврда унинг шахсий котиби бўлган. Коутиньонинг ўрнига эса Консерватив депутат Дэвид Жонсон келиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Мудофаа вазири Алексий Резников ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига Самарқандда қрим-татар мусулмон оиласида туғилган Рустам Умаров тайинланиши кутилаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси