Самарқандда туғилган Рустам Умаров Украина Мудофаа вазири бўлиши мумкин

Олам

image

Украина Мудофаа вазири Алексий Резников ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига Самарқандда қрим-татар мусулмон оиласида туғилган Рустам Умаров тайинланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Рада депутати Ярослав Железняк ўзининг Telegram-каналида ёзди.

Унинг айтишича, Алексий Резников Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинланиши мумкин. 

“Мудофаа вазири лавозимига фракциядаги собиқ ҳамкасбимиз, ҳозирда Давлат мулк жамғармаси раҳбари сифатида ишлаётган Рустам Умаров номзоди кўрсатилади. Яқинда унинг шу лавозимда фаолият олиб бораётганига бир йил тўлди”, дейди Железняк.

Шунингдек, депутат мазкур ўзгаришлар сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида бўлиб ўтиши кутилаётганини айтган.

Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда Украина оммавий ахборот воситаларида Резниковнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тобора кўпроқ пайдо бўлмоқда. Хусусан, мазкур ҳолат Мудофаа вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳарбий техниканинг оширилган нархларда харид қилиниши билан боғланмоқда. 

Шу билан бирга, ОАВ Мудофаа вазирлигидаги коррупция фактларининг фош этилиши тизимни такомиллаштиришга уринишлар билан эмас, балки Резниковнинг вазирлик стули учун кураши билан боғлиқ деб гумон қилмоқда. Уларга кўра, Резниковнинг тайинланиши ортида британиялик кураторлар ҳомийлик қилаётган президент девони раҳбари Андрей Ермак турибди.

Шунингдек, айрим манбаларга кўра, Резниковнинг ўрнига Украина Мудофаа вазири бўлиши кутилаётган Рустам Умаров Туркия сиёсий элитасининг юқори қатламлари, жумладан, шахсан Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан мустаҳкам алоқага эга. Бир қатор таҳлилчилар Умаровнинг мудофаа вазири лавозимига тайинланишини Киев Анқара билан силкинган алоқаларни жонлантиришга уринаётганидан далолат беришини айтмоқда. Бу, айниқса, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликка тегишли. Киев раҳбарияти ўз ҳудудида Bayraktar йиғиш заводи қурилишини тезлаштиришдан умидвор. Бундан ташқари, Украина Туркия томонидан мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари учун кемалар (Ada типидаги корветлар) қуриш бўйича ишларни фаоллаштирмоқчи.

Маълумот учун, Рустам Умаров 1982 йилда Самарқандда Қрим ярим оролидан келган қрим-татар мусулмонлари оиласида туғилган. Отаси Анвар Умаров технологик муҳандис, онаси Марям Умарова кимё муҳандиси бўлган. Умаровлар оиласи 1944 йил 18 майда совет ҳукумати томонидан қрим-татар халқи билан бирга ўз ватанидан Ўзбекистонга депортация қилинган. 2015 йилда Олий Рада бу депортацияни қрим-татар халқининг геноциди деб тан олган. 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошларида Умаровлар оиласи Украинага қайтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Алексий Резников Рустам Умаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг