Британия Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқчи

Спорт

image

Буюк Британия Бош вазири Энди Бернхэм 2042 йилги FIFA Жаҳон чемпионатини Буюк Британияда ўтказиш ғоясини илгари сурди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Times” нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Бернхэм ўз ғоясини Манчестердаги Бош вазирнинг янги офисида шаҳар мэрлари билан ўтказилган учрашувда билдирган. Шунингдек, Бош вазир Англия Футбол Ассоциацияси ва Премьер-лига раҳбарияти билан Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун ариза бериш имконияти бўйича музокаралар олиб бормоқда.

“The Times” ёзишича, Бернхэм ҳукумати 2040 йилги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш учун ҳам ариза беришга тайёрланмоқда. Бернхэм мусобақаларни Британиянинг шимолидаги шаҳарларда ташкил этиш орқали минтақавий иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни мақсад қилган.

Маълумот учун, Англия ўз тарихида бир марта – 1966 йилда Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Ўша турнирда Англия терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати ғолибига айланган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилди. 2030 йилги мундиалга Испания, Португалия ва Марокаш мезбонлик қилади. Аргентина, Уругвай ва Парагвайда ҳам биттадан гуруҳ босқичи учрашуви ўтказилади. 2034 йилги Жаҳон чемпионати эса Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг