Британия ва Франция янгича ракета ишлаб чиқмоқда
Олам
−
11 Март 2023
8276Буюк Британия ва Франция 12 йилдан бери ишлаб чиқилаётган кемага қарши янги ракетани 2030 йилгача фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ва Франция Президенти Эммануэль Макрон ўртасида ўтказилган учрашув якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда айтилди.
Қайд этилишича, гап Future Cruise/Anti-Ship Weapon (FC/ASW) круиз кемага қарши ракета лойиҳаси ҳақида бормоқда. Кемалар ва қирувчи самолётлар учун янги бошқариладиган қурол Exocet ва Harpoon кемага қарши ракеталарини, шунингдек, Францияда SCALP номи билан танилган Storm Shadow авиация қанотли ракеталарини алмаштириш учун мўлжалланган. Ҳозирда уларнинг барчаси ҳар икки давлат ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ишлатилмоқда. Янги ракеталарни ишлаб чиқариш MBDA халқаро консорциуми томонидан амалга оширилиши белгиланган.
“Франция ва Буюк Британия қурол ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича энг янги интеграциялашган қурол тизимларини яратиш учун асосий лойиҳаларни илгари суради. Улар бўшлиқларга йўл қўймаслик учун FC/ASW дастурини янада ривожлантириш бўйича аниқ чоралар кўриш мажбуриятини олади. Хусусан, улар 2030 йилда янги қанотли ракеталарнинг келишини таъминлашга ваъда беради”, дейилади ҳужжатда.
Маълумот учун, янги ракета лойиҳаси биринчи марта 2011 йилда Ле Бурже авиасалонида Персеус номи билан тақдим этилган. 2021 йилда лойиҳанинг тадқиқот босқичи якунланган. Мазкур босқичда MBDA мутахассислари иккита бир-бирини тўлдирувчи ракеталар концепциясини ишлаб чиққан. Улардан бири паст профилли субсоник узоқ масофали ракета бўлса, иккинчиси товуш тезлигида парвоз қила оладиган юқори манёврли ракета бўлган. 2022 йилнинг март ойида томонлар дастурнинг уч йиллик тайёргарлик босқичи учун маблағ ажратган.