Британия ТИВ раҳбари беш йил ичида биринчи марта Хитойга боради
Олам
−
30 Август 2023
2692Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли бугун, 30 август куни Пекинга боради. Бу Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўнгги беш йилдаги Хитойга илк сафари бўлади. Бу ҳақда Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилди.
Бир кунлик ташриф давомида Клеверли Хитойнинг ваколатли вакиллари билан икки томонлама муносабатларни барқарорлаштириш ва жаҳон кун тартибидаги долзарб масалаларни, жумладан, Украинадаги урушни муҳокама қилади.
Клеверли хитойлик мавқедоши Ван И ва Хитой Раиси ўринбосари Хань Чжэн билан учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда.
“Вазир Хитойни Украинадаги урушни тугатиш, Жанубий Хитой денгизидаги кескинликни пасайтириш ва кибермакондаги душманлик фаолиятини тўхтатишга ёрдам беришга чақиради”, дейилади расмий баёнотда.
Бундан ташқари, Клеверли иқлим ўзгаришига қарши курашда мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Жеймс Клеверли ўша пайтдаги Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ган жамоат майдонида кўринмай қолгани сабабли Хитойга сафарини қолдирганди. Кўп ўтмай Цинь Ган вазифасидан озод қилинди ва унинг ўрнига Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И янги вазир сифатида тайинланди.
LiveБарчаси