Британия Россиянинг пулидан Украинага ёрдам жўнатди

Олам

image

Буюк Британия Украинага Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан 1,3 млрд долларлик қурол етказиб берди. Бу ҳақда кеча, 3 сентябрь куни Британия Мудофаа вазири Жон Хили Украинага ташрифи чоғида сўз очди.

Вазир Украина учун қурол ва бошқа ҳарбий ёрдам тўловлари Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромадлар ҳисобига амалга оширилганини маълум қилган. Британия ҳукуматининг расмий сайтида таъкидланишича, умумий ёрдам ҳажми 1,3 млрд доллардан ошган.

Мазкур маблағ эвазига юз минглаб артиллерия снарядлари, юзлаб зенит ракеталари, ҳарбий техника эҳтиёт қисмлари етказиб берилган. Шунингдек, ускуналарни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун янги шартномалар тузишга ҳам маблағ сарфланган.

Вазирнинг сўзларига кўра, сўнгги 50 кун ичида Украина 4,7 млн дона ўқ-дори, 60 минг артиллерия снаряди, 2,5 мингдан ортиқ дрон, 200 та радиоэлектрон кураш тизими, 100 та енгил қурол ва 30 та автомобиль олган. Жон Хилининг маълум қилишича, 2025 йилда Буюк Британия Украинага жами 5,8 млрд доллар фунт стерлинглик ҳарбий ёрдам ажратган.

Киевдаги ташрифи давомида Жон Хили 30 дан ортиқ мамлакат иштирок этган “кўнгиллилар коалицияси” онлайн йиғилишида ҳам ҳамраислардан бири сифатида қатнашган. Унда эҳтимолий тинчлик келишуви имзоланишига ҳарбийларни Украинада жойлаштириш масаласи муҳокама қилинган. Хилининг сўзларига кўра, Буюк Британия армиясининг тайёргарлик даражасини қайта кўриб чиқмоқда ва молиялаштиришни тезлаштирмоқда, шунда мамлакат исталган пайтда кучларини Украинага юбориши мумкин бўлади.

Маълумки, Украинада уруш бошланганидан бери Ғарб давлатлари қарийб 300 млрд долларлик Россия активларини музлатиб қўйган, уларнинг учдан бир қисми Бельгия депозитарийси Euroclear’да сақланмоқда. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Украинага Россия активларидан тушган даромад ҳисобидан кредит кўринишида бир неча марта маблағ ажратган.

Жорий йилнинг март ойида Буюк Британия музлатилган Россия активларидан тушган даромад эвазига Украинага илк бор 970 млн доллар йўналтирганди. 

Кремль эса Украинага Россия активларидан фойдаланиб, маблағ ажратиш оғир оқибатларга олиб келишини айтади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса хориждаги активлардан фойдаланишнинг ҳар қандай ҳаракатини “ўғирлик” деб баҳолашини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия ҳукумати Россия ва у билан алоқа қилган бир қанча ташкилот, шахс, компания, фондларга санкциялар эълон қилганди. Улар орасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг онаси Аймани Қодирова ва у бошқарадиган Аҳмад Ҳожи Қодиров номидаги фонд ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Буюк Британия Украина Жон Хили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг