Бразилиядаги президентлик сайловида ютқазган Болсонаро АҚШга қочиб кетди

Олам

−

image

Бразилияда президентлик сайловида амалдаги давлат раҳбари Лула да Силвага ютқазган сенатор Флавио Болсонаро суднинг мамлакатдан чиқиш тақиқиқа қарамай, АҚШга қочиб кетди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Бразилия Олий суди судьяси Александр де Мораес Флавио Болсонарога барча паспортларини, жумладан, дипломатик паспортни ҳам 24 соат ичида топшириш ҳақида қарор чиқарган. Шунингдек, сенаторга адвокати ва дўсти Виллер Томас билан алоқа қилиш тақиқланган. Томас қарийб 680 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағни ювиш билан боғлиқ ишда гумон қилинмоқда. Бу иш юзасидан Бразилия Федерал полицияси тергов олиб бормоқда.

Суд қароридан кейин Болсонаро паспортларини белгиланган муддатда топширмаган. У кеча, 27 октябрга ўтар кечаси рафиқаси ва икки қизи билан Бразилияни тарк этган. Кейинчалик Федерал полиция унинг оддий ва дипломатик паспортларини ўз тизимида бекор қилган.

“Reuters” маълумотига кўра, Бразилия ҳукумати Болсонаронинг мамлакатдан чиқиб кетгани юзасидан Аргентина расмийлари билан ҳам боғланган. Аргентина нашри “Infobae“ сенатор хусусий самолётда Бразилия–Аргентина чегарасидан ўтганини ёзган. Бироқ CNN Brasil унинг АҚШга айнан қайси йўналиш орқали етиб борганини тасдиқлай олмаган.

Маълумот учун, Флавио Болсонаро Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонаронинг ўғли. У 25 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи босқичида амалдаги президент Лула да Силвага мағлуб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Бразилиядаги президентлик сайловида амалдаги Президент Луис Инасиу Лула да Силва ғалаба қозонган. У собиқ президент Жаир Болсонаронинг ўғли, сенатор Флавио Болсонарони 4 миллиондан ортиқ овоз фарқи билан мағлуб этган. Флавио Болсонаро сайловнинг биринчи босқичида кўпроқ овоз тўплаган бўлса-да, иккинчи босқичда мағлуб бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг