Браундаги қотиллик ортидан АҚШдаги ўзбекистонликлар сенаторларга хат юборди

Олам

image

Аввалроқ, АҚШнинг Род-Айленд штати Провиденс шаҳридаги Браун университетида содир бўлган отишма оқибатида ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат ортидан АҚШдаги Америка-Ўзбекистон Ассоциацияси Виржиния штатидан сайланган сенаторлар ва Конгресс аъзоларига қуролли зўравонликка қарши қатъий қонунчилик чораларини кўришга чақириб мактуб юборди. Бу ҳақда ассоциациясининг Telegram-каналида хабар берилди. 

“Биз бу мурожаатни Браун университетидаги отишма қурбонлари, жумладан ёш ўзбекистонлик талаба ва Виржиния резиденти Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг хотирасига бағишлаб, бутун мамлакат бўйлабқуролли зўравонликдан жабр кўрган оилалар билан бирдамликда ёздик. Бизнинг мурожаатимиз америкалик ўзбек оилалар ҳамда мактаблар, жамоат жойлари ва хонадонлар хавфсизлиги ҳақида қайғураётган барча ота-оналарнинг ташвишини акс эттиради”, дейилади хабарда.

Шунингдек, мактубда Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ фожиа АҚШдаги сон-саноқсиз мактаб ва университетлардаги отишмалар, ибодатхоналарга уюштирилган ҳужумлар қаторига қўшилгани қайд этилган.

“Ҳар бир бундай воқеа бир оғриқли ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: Америкадаги оммавий отишмалар энди камёб ҳолат эмас. Бу – тизимли муаммо”, дейилади хатда.

Бундан ташқари, мактубда Виржинияда ва бутун Қўшма Штатлар бўйлаб яшовчи, кўплари Виржиния резиденти, сайловчи ва солиқ тўловчи бўлган америкалик ўзбек оилаларнинг тобора кўпайиб бораётган овозлари акс этиши қайд этилган.

“Улар кундалик ҳаёт хавфсизлигининг ёмонлашиб бораётганидан чуқур хавотирда. Ота-оналар энди фақат мактаб ва университетлар ҳақида эмас, балки жамоат жойлари, ҳатто ўз уйларининг хавфсизлиги ҳақида ҳам қайғурмоқда”, дейилади хатда.

Шу билан бирга, унда ҳамдардлик ва дуо қанчалик самимий бўлмасин, амалий чоралар ўрнини боса олмаслиги ёзилган. Билдирилишича, талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва бегуноҳ жамоа аъзоларининг узлуксиз ҳалок бўлиши тизимли муваффақиятсизликни кўрсатмоқда. Бошқа ривожланган давлатларда қурол зўравонлиги бундай миқёсда ва тез-тез учрамайди. Фарқ – сиёсатда.

“Биз сизларни ҳурмат билан, аммо қатъий тарзда далилларга асосланган, қатъий қурол назорати чораларини қонунчилик даражасида жорий этишга чақирамиз”, дейилади ҳамжамият хатида.

Эслатиб ўтамиз, Браун университетидаги отишма оқибатида камида 2 нафар киши ҳалок бўлгани ва 7 нафар шахс оғир жароҳат олган. Вафот этганлар орасида бўлган ўзбекистонлик талаба – 2007 йилда туғилган Муҳаммадазиз Умурзоқов оила аъзолари АҚШда истиқомат қилиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик отишма Браун Муҳаммадазиз Умурзоқов Род-Айленд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг