Бойсунда Lacetti ва Cobalt тўқнашувида икки киши қурбон бўлди
3-саҳифа
−
14 Октябрь 2020
8419Кеча, 13 октябрь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Lacetti ва Cobalt иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
ЙТҲ соат 04:30 ларда Бойсун тумани, “Тўда” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4R-105 автомобиль йўлининг 19-километрида юз берган. Ҳайдовчи, 1987 йилда туғилган С.О. Lacetti русумли автомобиль тезлигини меъёридан оширган ҳолда бошқараётиб, ўзидан олдинда бўлган транспорт воситасини қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган вақтида қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1994 йилда туғилган Ж.Х. бошқарувидаги Cobalt русумли автомобиль билан тўқнашган.
Натижада, Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси 33 ёшли С.О. ва Cobalt русумли автомобиль йўловчиси 30 ёшли А.И. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган. Шунингдек, Cobalt русумли автомобиль йўловчиси 31 ёшли Н.Н. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.