Ботаника боғини ҳокимликка бериш ташаббуси вазирликдан чиққанми?
Жамият
−
11 Октябрь 2023
4577Тошкентда жойлашган Ботаника боғининг шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш борасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Вазирлик мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Экология вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда “Академик Ф.Русанов номидаги Ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий салоҳиятини кучайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш, ҳудудларда уларнинг тажрибасини қўллаш ва филиалларини ташкил этиш” бўйича қарор лойиҳасини киритган.
“Лойиҳада Ботаника боғининг мавжуд ўсимлик турлари таркибини бойитиш, сунъий яратилган шароитларда етиштириладиган ёввойи ҳолда ўсувчи ҳамда чет эл флораларига мансуб интродуцент ўсимликлар турларини кўпайтириш, минтақанинг табиий-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда турли соҳаларда фойдаланиш учун тажриба ҳамда реализация қилиш кўчатхоналарини ташкил этиш, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, ноёб ва йўқолиб бораётган Ўзбекистон флораси турларини сақлаш ва табиий шароитга реинтродуксия қилиш, маҳаллий ва иқлимлаштирилган доривор ўсимликлар генофондини сақлаш ва бойитиб бориш кўзда тутилган”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни Ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш ҳақидаги ҳукумат қарори эълон қилингач, бу кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Бундан ташқари, Фанлар академияси Ботаника боғининг шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилишига ҳам кескин қаршилик қилди.
Шундан сўнг, Давлат активларини бошқариш агентлиги Ботаника боғининг Фанлар академияси тасарруфидан чиқарилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилмаслигини маълум қилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида мазкур ҳолатга муносабат билдирар экан: Ботаника боғи кўнгилочар жой эмаслиги, бу - бутун шаҳар ҳар куни нафас олаётган Тошкентнинг "ўпкаси", эканлигини алоҳида урғулади.
Маълумот ўрнида, Тошкент Ботаника боғига фундаментал ва амалий тадқиқотларга ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси сифатида 1943 йилда асос солинган. Умумий майдони 66 гектардан иборат бўлган боғда турли минтақалардан жамланган 2400 дан ортиқ ўсимлик турлари ва навлари ўстирилмоқда. Мавжуд илмий коллекцияларнинг салмоғига кўра Марказий Осиёда етакчилик қилади.
LiveБарчаси