Ботаника боғи Фанлар академияси ихтиёрида қолади – Саида Мирзиёева

Жамият

image

Ботаника боғи Фанлар академияси ихтиёрида қоладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди. 

“Ботаника боғи - бу кўнгилочар жой эмас. Бу - бутун шаҳримиз ҳар куни нафас олаётган Тошкентнинг "ўпкаси". Бу - биз ғурурланадиган тарих. 70 йилдан ортиқ вақт давомида истеъдодли олимларимиз ушбу боғда бебаҳо дарахтлар ва ўсимликларни етиштирдилар, уларга ўз меҳр-муҳаббатини бағишладилар.  Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ”, дейди Президент ёрдамчиси.

Мирзиёевага кўра, табиатнинг ушбу бир парчасини асраб-авайлаш, уни ҳимоя қилиш ва келажак авлодларга етказиш ўзи, барча масъуллар ва фуқароларнинг бурчи ҳисобланади. 

“Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт. Боғни олимлар яратган ва у олимлар ихтиёрида бўлиши, бутун ўзбекистонликлар учун хизмат қилиши лозим. У Фанлар академияси ихтиёрида қолади”, деб ёзган Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фанлар академияси ушбу қарор лойиҳасига нисбатан норозилик билдирган ва ундан “Ботаника” боғини чиқариш бўйича ўз таклифларини project.gov.uz тизими орқали юборганди. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги эса мазкур масала бўйича эълон қилган расмий муносабатида Ботаника боғининг ҳокимлик тасарруфига ўтказилиши ҳақида қарорнинг қабул қилинишига давлат маданият ва истироҳат боғларига тегишли бино-иншоотларнинг мол-мулки ва ер майдонларининг ноқонуний бегоналаштирилиш ҳолатлари аниқланганини сабаб қилиб кўрсатган.

Кейинроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз муносабатида Ботаника боғи ҳокимлик тасарруфига олинмагани ва истироҳат боғига айлантирилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ботаника боғи шаҳар ҳокимлиги Президент ёрдамчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made