Бошланишига ёмон эмас – депутат “Мендирман Жалолиддин” сериали ҳақида

Маданият-санъат

image

Кеча, 14 февраль куни "Миллий" телеканалида премьераси узоқ кутилган “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалининг намойиши бошланди. Сериал ўзбек ва турк киноижодкорлари томонидан суратга олинди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева раҳбарлигида амалга оширилди.

Илк қисми экран юзини кўрган сериал бўйича ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар бошланган. Сериал борасида турли фикрлар билдириляпти. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳам “Мендирман Жалолиддин”нинг биринчи қисмидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Бугун илк қисми Миллий Твда премъераси бўлиб ўтган “Мендирман Жалолиддин” сериалини кўрдим. Очиғини айтсам, сериал намойиши олди янграган шунча реклама, тарғибот ва гап-сўзларга қарамай, негадир унга унча қизиқмагандим. Лекин сериални кўргач, фикрим ўзгарди, сериал менга ёқди.

Биринчидан, кино бизнинг бой ўтмишимиз, ҳар қанча мақтанса арзигулик тарихимиз ва қаҳрамонларимиз борлигини нафақат ўз халқимизга, балки бошқаларга ҳам яна бир бор кўрсатиш имконини берибди. Гарчи сериалдаги кўп воқеалар бадиий тўқималарга асосланган бўлса ҳам, ёшларимиз ва оммани тарихимизни, миллий қаҳрамонларимизни қайтадан кашф қилишга ҳамда шу баҳона тарихимизни яҳшироқ ўрганишга ундаши аниқ. 

Иккинчидан, сериалдаги воқеалар якуни, яъни Хоразмшоҳлар қисмати, улкан армия, катта бойлик ва юқори цивилизацияга эга бўлишига қарамай, мамлакатни Чингизхон бошчилигида кўчманчилар армияси томонидан босиб олиниб, вайрон этилиши бизга тарихимиздаги "қора кунлар"дан, хатолардан тўғри хулоса чиқаришга чақиради.

Учинчидан, бу каби сериаллар орқали биз она юртимиз тупроқларида туғилган буюк уламою-олимлар, саркардалар, миллий қаҳраҳмонларга нафақат ўзимизда, балки жаҳон саҳнасида ҳам эга чиқишга имкон беради. Чунки бир халқнинг, давлатнинг маданияти, шонли тарихи ва қадриятларини дунёга танитишда кинодадан яхши пропаганда воситаси йўқ (Усмонлилар Империяси ҳақидаги турк сериаллари ёки дунё тарихининг катта саҳнасида ҳеч қанча ўрни бўлмаган Корея императорлари ҳақида олинган сериаллар натижаси бунга ёрқин мисол) Қолаверса, буни тезроқ амалга оширмасак, тарихимиздаги буюк шахсларни битта-битта бошқа халқ/давлатларга бериб қўямиз (Масалан, қозоқлар Тўмарисни ўз қаҳрамонларига айлантириб бўлишди, Ибн Синони эса Ғарбда кўпчилик эронлик, Aл-Хоразмийни эса араб ҳисоблайди)”, дейди Дониёр Ғаниев.

Депутат фильмда ишлатилган мусиқалар, актёрларнинг ижроси борасида фикрларини билдириб ўтган.

“Энди кинони ўзига келсак, менга энг ёққани сериалда ишлатилган мусиқалар бўлди. Туркча мусиқалар ишлатишмабди яхши. Aксинча, миллий чолғуларимизда ижро этилган ажойиб, сеҳрли, томошабинни ўзига тортадиган оҳанглар яратилибди.

Гарчи бош ролни турк актёри ўйнаган бўлса ҳам (менимча, режиссёр кастингда Жалолиддин образини очиб берадиган ўзбек актёрини тополмаган бўлса керак), ўзбек актёр ва актрисалари ҳам ўз ролларини жуда маҳоратли ижро этишибди (Жавоҳир Зокировга ҳар доимгидек гап йўқ). Қолаверса, сериал бизнинг актёрларимизга, кино ижодкорларимизга ҳам катта мактаб бўлгани аниқ. 

Эҳтимол, сериални биринчи қисми асосан кириш, қаҳрамонларни таништиришдан иборат бўлгани учунми воқеалар ривожи менга бироз секин, зерикарлидек туюлди. Лекин, биринчи қисм охиридан хулоса қилинадиган бўлса, кейинги қисмлардан воқеалар ривожи янада жадаллашиб боради. Ишонаманки, қизиқ, адреналин ва интригага бой воқеалар томошабинни сериални қолдирмай томоша қилишга, келгуси қисмлари эфирга чиқишини интизорлик билан кутишга ундайди”, деган Ғаниев.

У сўзда давом этиб, сериал маъқул келганини, тўлиқ баҳо ва хулоса эса келгуси қисмларни кўргандан кейин айтилишини таъкидлаган. 

“Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, сериал яратилишида бош бўлганларга, лойиҳада иштирок этганларга ва ҳомийларга раҳмат.

Жалолиддиндан кейин Темур бобомиз ҳаёти ва салтанати ҳақида ҳам шундай муҳташам, сифатли сериал/кино олишларини кутиб қоламиз”, дея сўзини якунлаган Дониёр Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, “Мендирман Жалолиддин” сериали тақдимот маросими ўтган йилнинг 3 октябрида бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева раҳбарлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат соҳаси ходимлари иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мендирман Жалолиддин

Баҳолаганлар

279

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг