“Бошига қоп кийдириб, олиб кетилган”. Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик жазоланди

3-саҳифа

image

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи 25 ёшли йигит Россия армияси сафида Украинага қарши урушда қатнашгани учун 4 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди. 

Ҳужжатда қайд этилишича, 2000 йилда туғилган, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган йигит 2023 йилнинг октябрь ойида ишлаш мақсадида Россияга йўл олган. 2024 йилнинг декабрь ойида эса у Россия томонидан ёлланиб, Украинадаги қуролли тўқнашувларда иштирок этган.

Йигит 2025 йилнинг апрель ойида Донецк шаҳрида содир бўлган снаряд портлаши оқибатида оғир жароҳатланган ва Санкт-Петербургдаги шифохонада даволанган. Шифохонадан чиққанидан сўнг у Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, паспортини йўқотганини айтган. Шу асосда унга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган.

Йигит жорий йилнинг 24 май куни Тошкентга қайтган. Бироқ тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг Украинадаги қуролли можароларда қатнашганини аниқлаган. У Навоий вилоятига қайтгач, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, судга оширилган.

Суд мажлисида йигит ўз айбига иқрор бўлиб, терговдаги кўрсатмаларини тасдиқлаган. У 2023 йилнинг октябрида таниши билан Россияга ишлаш учун борганини айтган. Полиция уларнинг ҳужжатларини текширгач, ўз хизмат хонасига олиб борган. Кейинчалик йигитни сохта ҳужжатлар билан гиёҳванд моддалар ташишда айблаб, қамоққа олишган. Йигит судда рус тилини билмагани боис таржимон орқали сўроқ қилинганини, терговчи уни урушга жўнатиш бўйича шартномага имзо қўйишга мажбурлаганини, рад жавоби бергач эса руҳий ва жисмоний тазйиқларга учраганини билдирган.

У саккиз ой қамоқда ушлаб турилгач суд томонидан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва жазони колонияда ўташни бошлаган. У ерда ҳам унга босим ўтказилиб, охир-оқибат 2024 йилнинг декабрида шартномага имзо қўйишга мажбур бўлган. 2025 йил 1 апрель куни эса қўлига кишан солиниб, бошига қоп кийдирилган ҳолда ҳарбий бўлинмага олиб кетилган.

Суд уни Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми билан айбдор деб топган. Суд ҳукмига кўра, Ж.К. 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. 

Қайд этиш жоиз, бу Россиядаги ўзбекистонлик фуқароларнинг Украинага қарши урушга биринча марта ёлланиши эмас. Украинадаги урушда ўзбекистонликларнинг сони анчагина кўплиги ҳақида тез-тез хабарлар янграб туради. Масалан, олдинроқ Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилганди. Айрим нашрларга кўра, кўплаб соҳаларда бўлгани каби ёлланишда ҳам ўзбекистонликлар биринчилар сафида. Ўзбекистонликлар Россия томонида ҳаракат қилаётганини ҳаттоки Украина раҳбари Владимир Зеленский ҳам тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Россияга ишлаш мақсадида бориб, Украинага қарши жангларда иштирок этгани учун 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Қолаверса, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро Украинага қарши жангларда иштирок этгани ҳамда ўз уйида гиёҳвандлик моддаси етиштиргани учун 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Навоий Москва Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг