Бош вазир топшириғи билан бузилган уйлар ўрнида сайилгоҳ эмас, чиқиндихона пайдо бўлди
Таҳлил
−
28 Июнь 2019
8102Бундан роппа-роса бир йил аввал Тошкент вилояти, Қибрай тумани Бўзсув канали бўйида қурилган уйлар ва дала ҳовлилар бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўт кетса ҳўлу қуруқ бирдек ёнади деганларидек, катаконларнинг дала ҳовлилари қаторида бу ерда истиқомат қилаётган маҳаллий аҳолининг уйлари сув бўйидан 12 метр масофагача бўлган қисми бузиб ташланди. Бироқ, сайилгоҳ бўлиши ваъда қилинган ерлар бугун чиқиндихонага айланди.
QALAMPIR.UZ ушбу масала юзасидан суриштирув ўтказди. Маълум бўлишича, 2018 йилнинг июль ойида Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Соҳил, Олмазор электрон 2, Сайқал, Навқирон ва Иффор кўчаларида қурилган дала ҳовлиларда яшайдиган аҳолисув бўйидаги ерлардан ноқонуний фойдаланиб келаётганлари, кадастр ҳужжатлари қонунга зид расмийлаштирилгани аниқланиб, уларга 14 кун муддатда бу ерларни ёки сув бўйига қурилган уйларни бўшатиб қўйиш ҳақида огоҳлантириш хати берилади.
Халқда мусичанинг ҳам ини бузилмасин деган гап бор. Ким ҳам йиллар давомида тежаб-тергаб, гулдек қилиб олган уйининг, борингки дала ҳовлисининг бузилишини хоҳларди... Устига устак бузилиши, давлатга қўш-қўллаб топширилиши керак бўлган майдон ҳам кичкина эмас. Маҳалладагиларни кўндириш осон кечмаган. Ҳукумат раиси Абдулла Ариповнинг ўзи бир неча бор келиб, улар билан суҳбатлашган. Каттаконлар аҳолини огоҳлантириш қабилида бу ерлар 1993 йилдан буён ноқонуний эгаллаб келинаётганини айтишган. Кадастр ҳужжатлари ҳам кор қилмаган. Бузиш ишлари якунига етгач, ободонлаштирилиб, шинам сайилгоҳ қурилишини ваъда қилинган.
Маҳалладагилардан кимдир рози, кимлар норози... Хуллас жойлар бўшатиб берилган. Айримлар ҳали ҳозирлик кўрмасидан, огоҳлантиришсиз уйига булдозерлар кириб келган.
Хўш, ҳудудда шинам сайилгоҳ қурилдими? Аҳоли уйлари бузилаётганда берилган ваъдалар бажарилдими? Шу вақтга қадар фойдаланган йерлари аслида ноқонуний эканлигини истиқомат қилганлар ўзлари билишармиди? Биз бу каби саволлар билан аҳоли вакилларига юзландик.
Маҳалладагиларнинг айтишича, бу ерлар бузилаётганда тез фурсатда ўрнида кўркам ва шинам боғ, сайилгоҳ барпо этилишини ваъда қилинган. Ваъдалар эса стол устида қолиб кетди ёки аллақачон унутилди. Баъзан у бу мутасаддидан бу ҳақда сўраб қолсангиз борми, алламбало лойиҳаларни пеш қилиб, бошингизга ургудек бўлади.
Бу ерларни аввалдан билардик. Озода, баҳаво жойлар эди. Ҳар йили оилавий бу ерларга келиб бир неча кунлаб дам олардик, ҳордиқ чиқарардик. Ҳамёнбоп эди. Хўш бугунчи, бугун эса бузилишлар эвазига чанг-тўзон, камига кичик-кичик чиқиндихоналар пайдо бўла бошлаган. Чиқинди ва бетон уюмлари бир кун келиб тоғдек бўлса ҳам ажабмас. Ҳудуднинг санитария-гигиена ҳолатига-ку чидаб бўлмайди. Аҳоли фарзандлари бир пайтлар бу ерларда ўйнагани, ҳордиқ чиқарганини эсларкан, афсусланиб бошини чайқайди. Негаки, маҳалланинг болалари ўйнашига жой йўқ. Оғриқли томони сув бўйида на бир тўсиқ бор, на бир ҳимоя воситаси.
Вазиятни кузатарканмиз, бу ерни бузиб ташлаганларга бир гапни мухтасар қилгимиз келди. Хўп бузибсиз, сайилгоҳ қани, қачон қурасиз? Нега жажжи болакайларнинг шодлигини ўғирлаяпсиз, бунга ҳаққингиз борми? Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар бир маъруза ва чиқишларида халқимиз бугун бахтли яшаши керак дея бот-бот такрорлаётган бир пайтда бу каби бемақсад ишлар ҳали ҳам давом этаётганини қандай тушуниш керак?
Шу каби саволларга жавоб излаб Қибрай тумани, “Соҳибкор” МФЙ раиси Ўткирбек Аҳмедовга мурожаат қилдик. Шунингдек, Тошкент вилояти, Қибрай тумани ҳокимиятига ҳам бордик. У ерда бизга тайинли жавоб берадиган мутасаддининг ўзи топилмади ёки топилгани ҳам ўзини танитишни истамади. Исми Рустам эканини очиқлаган шахс Қибрай тумани ҳокимиятида ишлайди. У суҳбатни ёзиб олишимизни истамади ва шуларни маълум қилди:
“Мен мутахассис эмасман. Билишимча, туман бюджетида бу ерларни таъмирлаш режалаштирилмаган. Лекин, биз ҳокимнинг топшириғи билан ёрдам беряпмиз. Бузилган ерларни қуришда ёрдам бермаяпмиз, аксинча, уларни қуриб беряпмиз. Ҳокимият мажбур эмас, лекин бу бизнинг юзимиз – шу ерлар обод бўлсин, деб ҳаракат қиляпмиз. Бош вазир келиб ҳар бир хонадонга кириб, уйма-уй аҳоли билан суҳбат қилганлар. Ўшанда сувдан 25 метргача жойни бузиш айтилган лекин кўпчилик билан маслаҳат қилиб 12 метр, деб белгиланган. Бу давлатнинг ери, уни ўз кучимиз билан ўзимиз тўғрилаяпмиз. Одамлар ўзининг чегарасига жавоб берсин. Орқа тараф билан иши бўлмасин. Болалари ҳовлисида ўйнасин, ташқарига чиқишмасин".
Шу кунгача сувни ифлослантиришди, канализацияни сувга улаб қўйишди. Анча вақтдан буён ишлар олиб бориляпти, шу ҳолга ўзимиз келтирдик, аҳолидан бирортаси чиқиб битта тош қўймади. Давлат неча йил шу жойлардан фойдаланишга уларга имконият берди, энди қайтаришсин.
Солиқ тўлаган бўлса, фойдалангани учун тўлаган, сиз майдон катталигини инобатга олинг. У ерларни тўғрилашга миллиард-миллиард пул кетади. Сиз уйларни кўрдингизми, ҳамма ҳашаматли ҳовлилар сув бўйига қурилган. Шунча йил фойдалангани учун ҳам ўз атрофларини обод қилишса бўлади-ку.
Қибрайга йўлимиз тушиб, нафақат ҳудудларда, балки ҳокимият биносида ҳам қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўлаётганига гувоҳ бўлдик. Фикр туғилдики, қибрайликларга аввал биттасини битириб, кейин иккинчисини бошла, деган ибора бегона. У қурилишда ҳам, бунисида ҳам ишлар ўлда-жўлда. Тўғри, ҳокимият вакилининг гапларида жон бор. Аҳоли ерларда ноқонуний ва санитарияга риоя қилмай фойдаланиб келгандир. Лекин, улардан ерлар тортиб олингач, вазият яхшиландими ё ўша жойлар обод бўлдими? Ваъдалар берилаверади, аммо бажаришга келганда... Ана шундай мутасаддиларга айтар сўзимиз, бизга амалга ошмайдиган лойиҳалар эмас, амалий иш, аҳолига эса қулайлик, бахт, хотиржамлик керак. Хуллас саволларимиз очиқлигича қолди. Нима ҳам дердик, масъулият ҳақида кимдир унутса, ваъдаларини бажармаса... Жаноб мутасаддилардан саволларимизга жавобни кутамиз.
Ушбу лавҳани юқоридаги слайдерда ва YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси