Бош прокуратура ОАВдан “Антиструмин” ишига “аралашмасликни” сўради

Жамият

image

Жорий йилнинг сентябрь ойида Наманган, Андижон вилоятлари ва пойтахт Тошкентда юзлаб болалар боғча ва мактабларга тарқатилган йод препаратини истеъмол қилиб, заҳарланиши ортидан уч мансабдор аёл эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида QALAMPIR.UZ манбасига таяниб хабар берган эдик. Бош прокуратура ушбу маълумотларни тасдиқлади. 

Қайд этилишича, “Антиструмин” дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Бош прокуратура томонидан жиноят-процессуал қонунчилик асосида дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. 

“Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунига етмаган бўлсада, жиноят иши доирасида 3 нафар аёллар қамоққа олинганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳар хил талқин қилинган ҳолда оммавий ахборот воситаларида тарқатиб келинмоқда.  

Тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилмоқда.

Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланишини эслатиб ўтамиз”, дейилади БП ахборотида. 

Терговни юритаётган орган оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тергов тугагунига қадар ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликни сўраган.

Билдирилишича, тергов натижаси ҳақида қўшимча равишда маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Х. (аёл) ва марказнинг лаборатория мудири, катта илмий ходими Н.А. (аёл) Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) билан қўлга олинган. 

Шунингдек, 15 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва муравват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, ҳозирда АКШ фармакопеясисининт ПҚМ лойиҳасида катта техник маслаҳатчи бўлган Х.Ғ. ЖПКнинг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) билан қўлга олинган. 

Мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг гумонланувчиларни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантирган. Суд ажримига кўра, гумонланувчилар қамоққа олиниб, халқ тилида “Тоштурма” номи билан танилган – Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти биринчи минтақавий ҳудуд 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Н.А., Х.Ғ. ва Ф.Х.га Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а” банди, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-кисмининг "а" банди 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари томонидан келтирилган илтимосномада гумон қилинувчилар оғир турдаги жиноятни содир этганлиги, очиқда қолган тақдирда тергов ва суд органидан қочиб кетиш эҳтимоли борлиги, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юбориши, жиноий фаолиятини давом эттириши мумкинлиги, гувоҳларни ўзи томонга оғдиришга уринаётганлигини инобатга олиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш сўралган. Суд илтимосномада келтирилган важларни ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, илтимосномани қаноатлантирган ва гумонланувчилар қамоққа олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура ОАВ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made