Бош прокуратура Андижондаги депутат масаласига ойдинлик киритди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 17 май куни ҳалқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида депутат Ш.К.ни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқишда, Миллий гвардия ходимлари томонидан айрим депутатларни тинтув қилаётганлиги ҳолати акс этилган фотосуратлар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси депутатнинг прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани юзасидан расмий баёнот берди

Бош прокуратура ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида айрим маълумотларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этган.

Хусусан, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан жорий йилнинг 3 март куни “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов тегишлилиги бўйича Андижон шаҳар ИИО Тергов бўлимига юборилган.

Аниқланишича, “Alliance R.C.” МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йил 15 июлдаги қарори билан Андижон шаҳар Бўстон даҳаси У.Юсупов кўчасида жойлашган 4 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган. 

Бироқ, “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.  

Шу билан бирга, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган “Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи”ни соҳталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган.  

Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан, ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган. 

Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0,36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн сўм миқдорда зарар етказилган. 

Тергов ҳаракатлари давомида “Alliance R.C.” МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати экани аниқланган. 

Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш.К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилиб, жорий йил 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Тақдимнома жорий йилнинг 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш.К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган.

Иш бўйича тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона  ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган.
 
Маълумот учун, қонунчиликда тергов ҳаракатларига аралашиш, яъни уни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда қуйи турувчи прокурорга кўрсатмалар бериш ёхуд унинг ҳар қандай, шу жумладан процессуал қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш, прокурорлар ишларининг тўғри ташкил этилиши фақат юқори турувчи прокурор томонидан амалга оширилиши қатъий мустаҳкамланган.

Аввалроқ Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтув қилингани ҳақида хабар берилганди. Миллий гвардия эътирозларга сабаб бўлган ҳолатга муносабат билдириб, депутатлар Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан тинтилганини маълум қилди.

Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича Адлия вазирлиги ҳам тақдимнома киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг